Мадриднинг “Реал” клуби титул ҳомийси ҳисобланган “Эмирейтс” компанияси билан ҳамкорлик шартномасини узайтиришга яқин. Бу ҳақда АС нашри хабар берди.
Қайд этилишича, амалдаги келишув бир мавсум учун 70–80 миллион еврога баҳоланмоқда. Янги шартнома эса жамоа либосида тижорий номни жойлаштириш эвазига ҳар мавсум учун 100 миллион евродан ошиши мумкин. Амалдаги битим 2026 йил 30 июнь куни якунига етади ва айни вақтда томонлар янги келишув бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Шунингдек, “Реал” қайта кўриб чиқаётган яна бир йирик ҳомийлик шартномаси — Adidas билан тузилган келишувдир. Германия компанияси “Қироллик клуби” либосларини ишлаб чиқаради.
Бироқ бу борада шошилинчлик йўқ, чунки амалдаги шартнома 2029 йилгача амал қилади. Шунга қарамай, томонлар ҳамкорлик шартларини янгилаш ва узайтириш масаласини аллақачон муҳокама қилган. Хабарларга кўра, ҳозирги шартнома бир мавсум учун 120 миллион еврога тенг бўлиб, ушбу сумма ҳам, битим муддати ҳам оширилиши кутилмоқда.
“Реал”нинг асосий мақсади ҳомийлик шартномаларидан тушадиган даромадни 300 миллион еврога етказишдан иборат. Айни пайтда Мадрид клуби либослар ҳомийлиги (техник ҳамкор, асосий ва енг рекламалари) бўйича йилига тахминан 260 миллион евро даромад билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда “Манчестер Сити” ва “Барселона” қайд этилган бўлиб, ҳар икки клуб 200 миллион евродан юқори кўрсаткичга эга. Ундан кейинги поғоналарда эса “Манчестер Юнайтед” ва “ПСЖ” клублари жой олган.








