Франция президенти Эммануэл Макрон тинчлик келишуви имзолангандан сўнг Украинага қўшин киритиш зарурлигини олий ҳарбий раҳбарият ва парламент фраксиялари раҳбарларига уқтиришга уринган. Бу ҳақда L’humanite нашри хабар берди.
Нашр муаллифларининг таъкидлашича, Макрон 8 январда ўтказилган учрашувда тўлиқ қўллаб-қувватловга эришолмаган. Унда ўн минг кишилик халқаро кучлар таркибида, шу жумладан, Буюк Британия ҳарбийлари ҳам қўшилган ҳолда, олти минг кишилик контингентни жойлаштириш масаласи муҳокама қилинган.
Нашр маълумотларига кўра, Макрон АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақида айтган, бироқ барча депутатлар ҳам Вашингтон ваъдаларининг самимийлигига ишонмаган. Хусусан, “Бўйсунмас Франция” сўл партияси фраксияси раҳбари Матилда Пано бунга шубҳа билдирган.
“АҚШ президенти Дональд Трампга ишониш учун ҳеч қандай асос йўқ, айниқса, у Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларига таҳдид солаётгани ва яқинда Венесуэлага ҳужум қилганини ҳисобга олсак”, дея таъкидлаган Пано.
6 январь куни Украина президенти Владимир Зеленский, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер уруш якунлангач, хорижий кучларни Украинага жойлаштириш бўйича уч томонлама декларацияни имзолади. Италия эса уруш тугаганидан сўнг Украинага тинчликпарвар миссия доирасида ҳарбийларини юбормаслигини билдирди.
8 январь куни Россия ҳукумати Украинадаги Ғарб кучлари қонуний равишда нишонга олинишини маълум қилди.








