2025 йил — Корея кино ва телевидение саноати учун яна бир ёрқин йил бўлди. Сўнгги йилда нафақат Кореяда, балки бутун дунёда К-дорама ва корейс фильмларига бўлган қизиқиш кескин ошди. Ушбу ютуқларда муҳим ўрин тутган актёр ва актрисаларнинг ижоди томошабинлар ва танқидчилар томонидан юқори баҳоланди. Уларнинг роллари кўплаб драматик жанрларда чуқур ҳис-туйғулар, мураккаб характерлар ва ижодий ўсишни намойиш этди — бу эса уларни 2025 йилнинг энг ёрқин юлдузларига айлантирди.
Чу Жи-ҳун
Январь ойида “Травматология маркази” сериали нафақат корейс тиббий сериалларининг экранларга қайтишини нишонлади, балки 2025 йилнинг энг ёрқин қаҳрамонларидан бирини ҳам тақдим этди. Воқеалар уруш зоналарида узоқ вақт давомида хусусий ҳарбий компанияда ишлаган иқтидорли травматолог-шифокор Пак Кан-Хёк ҳақида ҳикоя қилади. Жанубий Кореяда шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги инқироз шароитида Пак Кан-Хёк ватанига қайтиб, йирик шифохоналардан бирининг травматология бўлимига раҳбарлик қила бошлайди.
Пк Кан-Хёк ролини “Сарой”, “Зомбилар салтанати” ва “Гиена” каби драмалардаги ишлари билан танилган актёр Чу Жи-ҳун ижро этган. У бемор ҳаётини сақлаб қолишни энг муҳим деб биладиган қатъиятли ва муросасиз травматологнинг ғоят харизматик образини яратди. Уни на бюрократия, на ресурслар тақчиллиги тўхтата олади. У ўзининг талабчанлиги ва довюраклиги билан баъзан бошқа шифокорларни ҳайратга солса-да, маҳорати ва имконсиз ишларни амалга ошириш қобилияти билан уларни илҳомлантиради. Бироқ ёлғиз даҳо учун жамоавий иш — бу уни яна бир бор “ўтмишдаги жароҳатлари”ни эслашга мажбур қиладиган янги тажрибага айланади.
Ким Ю-жон
“Қадрли X” психологик триллерида Ким Ю-жон машҳур актриса Пек А-жин ролини ўйнади. Болалигида оилавий зўравонликка учраган Пек А-жин ўзига фойда келтириши мумкин бўлган одамларни моҳирона бошқариш ва улардан фойдаланишни ўрганган. Ким Ю-жон ўзининг романтик лойиҳаларидаги одатий ижобий, мулойим қиёфасидан воз кечиб, чинакам антиқаҳрамон ролини ижро этди.
Пек А-жин образи гўё ака-ука Гримм эртакларидаги севги нималигини билмаган, аммо яшаб қолишга интилаётган совуқ, қора маликага ўхшайди. Унинг атрофида у учун азоб чекишга тайёр икки содиқ ва меҳрибон рицарлар бор. Унинг табассуми мафтункор, аммо совуқ, ўтли нигоҳи чиндан ҳам қўрқинчли. Ким Ю-жон чиройли ниқоб ортига яширинган ғайриоддий совуққонлик билан ўзининг “қора” томонини намойиш этади. Актрисанинг айтишича, унга Пек А-жин ролини ўйнаш қийин бўлган, чунки у қаҳрамоннинг шафқатсиз хатти-ҳаракатларининг сабабларини тушунган, аммо уларнинг оқибатларини қабул қила олмаган.
Ли Жи-ин (Айю)
2025 йилда машҳур кореялик қўшиқчи ва актриса Ли Жи-ин (Айю) ўзининг актёрлик маҳоратини яна бир бор намойиш этди. “Ҳаёт сенга мандарин берганда” сериалида у бир вақтнинг ўзида иккита қаҳрамонни гавдалантирди. Бири — Чежу оролида яшовчи, шоира бўлишни орзу қилувчи камбағал қиз Э Сун. Онасининг фожиали ўлимидан сўнг у кўплаб синовларга дуч келади. Ёш Э Сун образи сюжет давомида сезиларли ўзгаришларга учрайди: мажбурий ва бахтсиз никоҳдан қочиш учун бошқа шаҳарга кетишга тайёр бўлган исёнкор қиздан, бутун борлиғини оиласига бағишлаган меҳрибон онагача.
Айю барча қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтадиган, бошқаларнинг фаровонлиги учун шахсий истакларидан воз кечадиган корейс қиз портретини яратишга интилди.
Шунингдек, дорамада Айю Э Сун ва унинг эри Кванг Сикнинг қизи Янг Гиммёнг ролини ижро этган. У анча барқарор даврда яшайди, таълим олиш ва келажак учун режалар тузиш имкониятига эга. Онаси омон қолишни ўрганиши керак бўлган бўлса, унинг олдида имкониятлар дунёсида ўзининг тўғри йўлини топиш вазифаси турибди. Янг Гиммёнг зиддиятли ҳис-туйғулар гирдобида қолади: у ота-онасини севади ва уларнинг қурбонликларини ҳурмат қилади, аммо бу йўлни такрорлашни истамайди. У онасининг умидларини оқлай олмаслиги ва уни бахтли қила олмаслигидан хавотирланади, бироқ жим ўтириб сабр қилиш ўрнига таваккал қилишга тайёр. Янг Гиммёнг мустақил равишда пул топишга ва мустақил оёққа туришга интилади.
Янг Гиммёнг — замонавийлик ва анъаналар, эркинлик ва бошқаларнинг истаклари, қўрқув ва жасорат ўртасида турган ёш қиз. Авлодлар ўртасидаги зиддият, эркинлик ва танловнинг оғирлиги ҳамда ноаниқлик, ҳақиқий бахтни излаш. Унинг дунёси ҳам ўзини ва ота-онасининг дунёсини тўлиқ англаш учун енгиб ўтиши лозим бўлган кўплаб қийинчиликларга тўла. Айю кўп жиҳатдан онасининг давомчиси, айни пайтда унинг мутлақ зидди бўлган қизнинг қизиқарли образини ярата олган.
Пак Погом
2025йилда бир вақтнинг ўзида иккита дорамада бош ролларни ижро этган яна бир актёр Пак По-гом бўлди. У “Ҳаёт сенга мандарин берганда” сериалида у Э Суннинг турмуш ўртоғи Кван Сик ролини ўйнади. Унинг ёшликдаги биринчи қадамни қўйишдан қўрқиши ва кемадан дадилли к билан сакраб, севгилиси томон сузиб бориши томошабинлар ёдида қолди. У севимли оиласининг ейишга ва яшашга етарли маблағи бўлиши учун балиқчилик қилади.
Унинг қаҳрамони камгап, ҳис-туйғуларини очиқчасига кўрсатишдан ўзини тияди, аммо бу унинг камдан-кам учрайдиган очиқ ғамхўрлик ва меҳрибонлик онларини янада қадрли қилади. Кван Сик — бу эркак садоқати ва севгисининг ҳақиқий тимсоли, у бойлиги билан мақтана олмайди, лекин у ҳалол ва энг муҳими, унга ҳар доим суянса бўлади.
Ли Чхе-мин
2025 йилнинг яна бир асосий актёрлик ютуқларидан бири “Золимнинг ошпази” драмасида Ли Чхе-миннинг бош ролни ижро этиши бўлди. Илгари “Иерархия” ва “Қуён ва унинг болалари” каби зиддиятли драмаларда ўйнаган ёш актёр “Золимнинг ошпази” драмасида тажрибали Пак Сон-хуннинг ўрнини эгаллашга мажбур бўлди. Ли Чхе-мин золим ва ҳақиқий гурман сифатида танилган Чосон қироли Ли Хон ролини ижро этди. Айнан у биринчи бўлиб француз ошпази ва келажакдан келган Ён Жи-ённи учратади.
Ли Чхе-мин ҳақиқатан ҳам кўп қиррали қироллик образини намойиш эта олди. Унинг қаҳрамони — қасос ва адолат излаётган, кўпинча ҳис-туйғуларини жиловлай олмайдиган ва уларга бутунлай берилиб кетадиган жароҳатланган йигит. У ўткир таъм сезгисига эга бўлган, мазали ва ғайриоддий таомларнинг чинакам мухлиси бўлиб, таомнинг барча нозик жиҳатлари ҳақида завқ билан сўзлаб беришга доим тайёр. Ўз ҳокимиятини кўз-кўз қилиб, такаббур ва шафқатсиз муносабатда бўладиган, аммо кейинчалик бу хатти-ҳаракатларидан афсусланадиган ёш қирол. Ли Чхе-мин бу барча турфа хил хусусиятларни Ли Хон образига ажойиб тарзда сингдирди ҳамда унга келишган ташқи кўриниш ва ўзига хос мағрурона табассум қўшди.
Пе Нара
2025 йил якунларига кўра, Пе На-ра энг истиқболли янги актёр деб тан олинди. Унинг актёрлик фаолияти 2023 йилда “Қочоқлар овчиси” сериалидаги кичик рол билан бошланган эди. Айнан у “Заиф қаҳрамон” сериалининг иккинчи мавсумида мактаб тўдасининг шафқатсиз раҳбари ва асосий ёвуз қаҳрамони На Бек-жин ролини ижро этди. У муштлашувларда камдан-кам ҳолларда шахсан иштирок этади, аммо таҳдид ва босим орқали бошқаларни ўзи учун уришга мажбур қилади. У куч ахлоқдан анча баланд қадрланадиган муҳитда ўсган инсоннинг ёрқин мисолидир. Пе На-ранинг ўзига хос ташқи кўриниши На Бек-жин образига янада ҳақиқий ва ваҳимали жозиба қўшди.
“Мазалиси сеники” романтик драмасида Пе На-ра бош қаҳрамон Хан Бон-унинг укаси Хан Сон-у ролини ижро этди. У компания меросхўри ўрнини эгаллаш учун акасини ҳар қандай усул билан ортда қолдиришга интилади. Бу ролда актёр қимматбаҳо костюм, кўзойнак тақиб, охир-оқибат яхши томонга ўзгарадиган мулойим антагонист образини яратди. Кичик, аммо ёрқин рол 34 ёшли Пе На-ранинг маҳоратини намоён этди.
Бошқа бир романтик комедия “Менга уйлан”да актёр ижрочи директор Бек Сан-Хён ролини ўйнади. Бир томондан, у яна антагонист бўлиб, бош қаҳрамонлар Ким У-жу ва Ю Ме-рини кузатиши ва уларнинг эр-хотин эмаслигига ҳар қандай далилларни топиши керак. Бошқа томондан, у ўз аҳволидан қийналаётган одам. У ўтмишда уни амалда қутқариб қолган оиласига содиқ, бурч туйғуси уни ғайрат билан ишлашга ундайди, аммо уларнинг жиноятларини ҳам кўрмасдан қола олмайди. Натижада Бек Сан-Хён ўзи билан ички кураш олиб боради: у ё янги йўл топиб олдинга силжиши, ёки аллақачон тўлаган қарзининг гаровида қолиши керак. Шунингдек, дорамада актёр ўз қаҳрамонининг романтик томонини ҳам кўрсатиши керак эди, бу унга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Пе На-ра — ўта харизматик ташқи кўринишга ва актёрлик истеъдодига эга бўлган энг истиқболли корейс актёрларидан бири.








