Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган 2026 йилги U-23 Осиё кубоги 6 январь куни старт олади. Ушбу мусобақа Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) томонидан еттинчи бор ташкил этилмоқда.
Мусобақага қуръа ташлаш маросими 3 октябрь куни Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси биринчи саватчадан жой олган бўлиб, қуръа натижаларига кўра Жанубий Корея, Эрон ва Ливан билан биргаликда “C” гуруҳидан ўрин эгаллади.
Саралаш босқичи учрашувлари 2025 йил 3–9 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон U-23 терма жамоаси “Е” гуруҳида Қирғиз Республикаси, Фаластин ва Шри-Ланка терма жамоаларига қарши баҳс олиб борди ва 7 очко жамғарган ҳолда энг яхши иккинчи ўрин эгалари қаторида финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Гуруҳ мезбони Қирғиз Республикаси эса тўплар нисбатига кўра 7 очко билан биринчи ўринни эгаллади.
Финал босқичида жами 16 та терма жамоа қатнашади. Жамоалар 4 та гуруҳга бўлинган, ҳар бир гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади. Мусобақада 2003 йил 1 январдан кейин туғилган футболчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълумотига кўра, 2028 йилги Лос Анжелос Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ушбу турнирда U-21 терма жамоаси қатнашиши режалаштирилган.
2025 йил Хитойда ўтган U-20 Осиё кубогида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чорак финалда ўз юришини якунлаган ва Жаҳон чемпионатига йўлланмадан қуруқ қолган эди. Ўша мусобақада Фарҳод Нишонов бошқарувидаги жамоа гуруҳ босқичида Эрон, чорак финалда эса Жанубий Кореяга имкониятни бой берган эди. Шу сабабли U-23 Осиё кубоги гуруҳ босқичи мураккаб ўтиши кутилмоқда.
Мазкур мусобақа U-23 Осиё кубогининг Олимпия ўйинларига боғлиқ бўлмаган сўнгги нашри ҳисобланади. 2024 йил 24 май куни Осиё Футбол Конфедерацияси 2028 йилдан бошлаб турнир фақат ҳар тўрт йилда бир маротаба, ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ўтказилишини расман эълон қилган.
U-23 Осиё кубоги илк бор 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, 2016 йилдан бошлаб мусобақа икки йилда бир марта ўтказила бошланди. Ҳозиргача беш терма жамоа — Ўзбекистон (2018), Япония (2016, 2024), Жанубий Корея (2020), Саудия Арабистони (2022) ва Ироқ (2013) чемпионликни қўлга киритган.
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ушбу турнирда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, жамоа 2018 йилда Хитой мезбонлик қилган мусобақада чемпион бўлган. Шунингдек, 2022 йилда Ўзбекистон ва 2024 йилда Қатар мезбонлик қилган қитъа биринчиликларида финалгача етиб борган. 2024 йилги ушбу натижа эвазига Тимур Кападзе бошқарувидаги жамоа тарихда илк бор Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган.
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси турнирнинг барча нашрларида қатнашиб, рақиблар дарвозасига жами 56 та гол киритган ва мусобақа тарихидаги энг сермаҳсул жамоа ҳисобланади. Кейинги ўринларда Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари қайд этилган — 52 гол.
Шунингдек, Ўзбекистон жамоаси 30 та учрашувда 17 ғалаба, 3 дуранг ва 10 мағлубият қайд этган. “Оқ бўрилар” Жанубий Кореядан кейин U-23 Осиё кубогида энг кўп учрашув ўтказган жамоа саналади.
Турнир тарихида ўзбекистонлик футболчилар икки бор индивидуал мукофотларга сазовор бўлган. 2018 йилги мусобақада Одилжон Ҳамробеков энг яхши футболчи, 2024 йилги турнирда эса Абдувоҳид Неъматов энг яхши дарвозабон деб топилган. Шунингдек, 2024 йил Қатарда ўтган қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси фейр-плей совринига муносиб кўрилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон U-21 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров 2018-йилги турнирда ҳам жамоани бошқарган ва Осиё чемпионлигини қўлга киритган.
Ушбу ёш тоифасидаги турнирда бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий футболчилари ҳисобланган Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров, Игор Сергеев, Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Абдувоҳид Неъматов, Ботирали Эргашев, Одилжон Ҳамробеков, Ҳожиакбар Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов ва Рустамжон Ашурматов иштирок этган.
Ўзбекистон 2026 йилги мусобақанинг илк турида Ливанга қарши майдонга тушади. Учрашув 7 январь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да “Шаҳзода Файсал бин Фаҳд” стадионида старт олади.








