Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем раҳбариятдан ўз ватандоши, Англиянинг “Кристал Пэлас” жамоаси футболчиси Адам Уортонни трансфер қилишни сўраган.
Хабарларга кўра, 21 ёшли футболчи “қироллик клуби” учун идеал вариант сифатида кўрилмоқда. Хусусан, у Беллингемни ҳимоявий вазифалардан қисман озод этиши ва жамоада авлодлар алмашинувини босқичма-босқич амалга оширишга ёрдам бериши мумкин.
Қайд этилишича, “Кристал Пэлас” Адам Уортонни 80 миллион евродан камига сотишни режалаштирмаяпти.
Жорий мавсумда Уортон барча мусобақалар доирасида 24 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та голли узатма муаллифи бўлган. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt порталига кўра, унинг бозор қиймати 60 миллион еврога баҳоланмоқда.
Жуд Беллингем эса жорий мавсум “Реал Мадрид” сафида 20 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 4 та голли узатма қайд этган. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 160 миллион евро деб баҳоламоқда.
Мадрид клуби Ла Лигада 18 та учрашув ўтказиб, 42 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Чемпионат етакчиси “Барселона” эса 18 ўйиндан сўнг 46 очкога эга.








