Германия Европада уруш бўлган тақдирда беш босқичли эскалацияни назарда тутувчи махфий режани ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Германия учун оператив режа” деб номланган 24 саҳифалик махфий ҳукумат ҳужжати билан танишиб чиққан Politico нашри хабар берди.
Беш босқичли эскалация модели таҳдидларни эрта аниқлаш ва жиловлашдан бошлаб, миллий мудофаа, НАТОнинг жамоавий мудофааси, шунингдек, можародан кейинги тикланишгача бўлган ҳаракатлар режасини ўз ичига олади.
Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирда Германия биринчи босқичда ҳаракат қилмоқда. Бу босқичда мамлакат таҳдидларнинг умумий манзарасини шакллантириш, давлат идоралари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, логистика ва ҳимоя чораларини тайёрлашга эътибор қаратмоқда.
“Яқинда мамлакатга уюштирилган киберҳужумлар, қўпорувчилик ва дезинформация кампаниялари ҳарбий можаронинг биринчи босқичи бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Режада Германия НАТО қўшинлари учун оператив база ва асосий транзит йўлаги сифатида кўрсатилган. Шу сабабли можаронинг илк босқичидаёқ мамлакат кучли босим остида қолиши мумкин. Германия узоқ масофали қуроллар ёрдамида амалга ошириладиган анъанавий ҳужумлар учун устувор нишонга айланиши, бундай зарбалар ҳарбий ва фуқаролик объектларига қаратилиши эҳтимоли бор.
Режада мамлакат ички қуролли кучларининг вазифаси кенгайтирилган. Уларга муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш, қўшинларнинг Германия ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишини таъминлаш ва жанговар бўлинмалар бошқа жойларда жойлашгунга қадар мамлакатнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, ҳужжатда айрим вазифаларни бажариш учун аҳоли ва фуқаролик тузилмаларининг кўмаги зарурлиги қайд этилган. Бундай ёрдамсиз режани амалга ошириб бўлмаслиги таъкидланган.
Ҳужжатда Германия сўнгги пайтларда дуч келаётган гибрид ҳужумлар кучайгани ҳам алоҳида қайд этилган. Жумладан, Россияга алоқадор жосуслик фаолиятининг ошгани, киберҳужумлар кўпайгани, сиёсий институтлар, муҳим инфратузилма ва жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш уринишлари қайд этилган. Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт эса мамлакатни “гибрид урушнинг кундалик нишони” деб таърифлаган.








