Daryo

Саудия Арабистони Ямандаги портга ҳаводан зарба берди

Ҳужумда БААдан келган қуроллар нишонга олингани айтилди.

2 дақиқа ўқиш6 756 кўришлар0 изоҳ2

Саудия Арабистони 30 декабрь куни Яманнинг Мукалла порт шаҳрига ҳаводан зарбалар берди. Риёд ушбу ҳужумни Бирлашган Араб Амирликларидан (БАА) айирмачи (сепаратист) кучлар учун қурол-яроғ олиб келингани билан изоҳлади. Бу ҳақда AP News хабар берди.

Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги тарқатган ҳарбий баёнотда айтилишича, зарбалар БААнинг шарқий соҳилидаги Фужайра портидан иккита кема етиб келганидан сўнг амалга оширилган.

“Ушбу қуроллар минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солаётганини инобатга олиб, Коалиция ҳаво кучлари бугун эрталаб портга туширилган қурол-яроғ ва жанговар техникаларни йўқ қилиш бўйича чекланган ҳарбий операция ўтказди”, дейилади баёнотда.

​
Саудия ҳарбийлари ҳужум “билвосита талафотларнинг олдини олиш учун” тунда амалга оширилганини билдирди. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. БАА томони эса ушбу зарба юзасидан ҳали расмий муносабат билдирмади.

Экспертларнинг фикрича, ҳужум нишони Сент-Киц байроғи остидаги Греенланд юк кемаси бўлган. Маълумотлар таҳлили ушбу кема 22 декабрь куни Фужайрада бўлгани ва 28 декабрь куни Мукаллага етиб келганини кўрсатмоқда. Баша Репорт таҳлил маркази асосчиси Муҳаммад ал-Баша ижтимоий тармоқларда кема келганидан сўнг Мукалла кўчаларида ҳаракатланаётган янги зирҳли техникалар видеоси тарқалганини қайд этди.

Иттифоқчилар ўртасидаги “совуқ уруш”

Ушбу ҳужум Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада ёмонлашганидан далолат беради. Ҳар икки давлат Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийларга қарши коалицияга аъзо бўлса-да, мамлакат ичидаги турли гуруҳларни дастакламоқда, Хусусан, Саудия Арабистони “Миллий қалқон кучлари”ни қўллаб-қувватлайди. БАА эса “Жанубий ўтиш кенгаши” сепаратистларини қўллаб-қувватламоқда.

Мукалла шаҳри жойлашган Ҳадрамаут вилояти яқинда сепаратистлар томонидан эгалланган эди. Саудия Арабистони ўтган 26 декабрь куни ҳам ушбу гуруҳга огоҳлантириш сифатида зарбалар берганди.

Катта геосиёсий рақобат

“Жанубий ўтиш кенгаши” сепаратистлари 1967-1990-йилларда мавжуд бўлган Жанубий Яман байроғини кўтариб, қайта мустақил бўлишга интилмоқда. Риёд ва Абу-Даби ўртасидаги бу рақобат нафақат Яманда, балки Қизил денгизнинг нариги қирғоғидаги Суданда ҳам кузатилмоқда — у ерда ҳам икки давлат қарама-қарши томонларни дастакламоқда.
Гарчи ҳар икки давлат ОПЕC ташкилоти аъзоси ва яқин иқтисодий ҳамкор бўлса-да, сўнгги йилларда минтақавий таъсир доираси ва халқаро бизнес лойиҳалари учун кураш кескинлашган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар