Daryo

Эронда марказий банк раҳбари истеъфо берди

Бу кескин инфляция ва пул қадрсизланиши билан изоҳланмоқда. Иқтисодий вазиятнинг оғирлашиши пойтахт Теҳронда норозилик намойишларига сабаб бўлди.

1 дақиқа ўқиш3 792 кўришлар0 изоҳ1

Эрон Марказий банки раҳбари Муҳаммад Ризо Фарзин мамлакатда миллий валюта — риалнинг рекорд даражада қадрсизланиши ва юқори инфляция шароитида ўз лавозимидан истеъфо берди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар беради.

Эрон бозорида 29 декабрь куни риал курси яна бир тарихий антирекордни янгилади: 1 АҚШ доллари 1 390 000 риалга тенг бўлди. Иқтисодий вазиятнинг оғирлашиши пойтахт Теҳронда норозилик намойишларини келтириб чиқарди. Хусусан, дўкон эгалари ва тадбиркорлар иқтисодий инқирозга қарши ўз эътирозларини билдирмоқда.

Янги тайинлов ва кутилаётган ўзгаришлар

Муҳаммад Ризо Фарзин 2022 йил декабрь ойидан бери Марказий банкни бошқариб келаётган эди. Президент маъмурияти вакилининг хабар беришича, унинг истеъфосини президент Масъуд Пезешкиян кўриб чиқади. Шу билан бирга, маҳаллий ОАВ Эрон собиқ иқтисодиёт вазири Абдолносир Ҳемматий яқин вақт ичида Марказий банкнинг янги раҳбари этиб тайинланишини хабар қилмоқда.

Эрон иқтисодиёти Ғарб санкциялари, хусусан, 2018-йилда АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан қайта жорий этилган чекловлар туфайли жиддий зарар кўрган. Бу тақиқлар Эроннинг нефть экспорти ва хорижий валютага бўлган имкониятларини кескин чеклаб қўйган.

Қайд этилишича, ҳукумат томонидан яқинда амалга оширилган иқтисодий либераллаштириш сиёсати очиқ бозордаги валюта курсига қўшимча босим ўтказган. Маълумот учун, Эрон фуқаролари хорижий валютани очиқ бозордан сотиб олади, бизнес субъектлари эса давлат томонидан тартибга солинадиган курслардан фойдаланади.

Иқтисодий прогнозлар хавотирли

Эрон иқтисодиёти чуқур рецессия (турғунлик) хавфи остида қолмоқда. Жаҳон банки прогнозларига кўра:

  • 2025-йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1,7 фоизга қисқаради;
  • 2026-йилга келиб эса бу кўрсаткич 2,8 фоизни ташкил этади.
Вазиятни кескин инфляция янада мураккаблаштирмоқда. Эрон Статистика маркази маълумотларига кўра, октябрь ойида инфляция даражаси сўнгги 40 ойдаги энг юқори кўрсаткич — 48,6 фоизга етган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар