Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев барча давлат мукофотларидан маҳрум этилди. Тегишли фармонни мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаров имзолади.
Президент администрацияси матбуот хизматига кўра, 2025 йил 3 июнда Бишкек шаҳрининг Первомай туман суди чиқарган ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида, “Қирғизистон Республикасининг давлат мукофотлари, фахрий унвонлари ва мукофот пуллари тўғрисида”ги қонунининг 27-моддаси 1, 2 ва 4-қисмларига ҳамда Конституциянинг 71-моддасига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:
1. Атамбаев Алмазбек Шаршенович Қирғизистоннинг қуйидаги давлат мукофотларидан маҳрум қилинсин:
1) “Қирғиз Республикасининг Қаҳрамони” олий даражаси;
2) II даражали "Манас" ордени;
3) “Данакер” ордени;
4) “Данк” медали.
2. Қуйидагилар бекор қилинсин:
1) президентнинг 1999 йил 22 апрелдаги “А.Ш.Атамбаевни ‘Данк’ медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги 106-сонли фармони;
2) 2007 йил 27 ноябрдаги 518-сонли “А.Ш. Атамбоевни ‘Данакер’ ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги президент фармони;
3) Президентнинг 2011 йил 30 ноябрдаги “давлат ва жамоат арбобларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида”ги 311-сон фармонининг учинчи хатбошиси;
4) Президентнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “А.Ш. Атамбоевга ‘Қирғиз Республикаси Қаҳрамони’ олий даражасини бериш тўғрисида”ги 1-сонли фармони.
3. Бош прокуратура ҳузуридаги Суд ижрочилари хизмати ушбу фармоннинг 1-бандида кўрсатилган Қирғизистон давлат мукофотлари ва уларга тегишли ҳужжатларни кейинчалик давлат мукофотлари фондига топшириш учун белгиланган тартибда олиб қўйиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу фармон имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
Атамбаевнинг қўлга олиниши ва унга қарши ишлар
Қирғизистон махсус хизматлари 2019 йил 8 августда Атамбаевни пойтахтдан 20 километр узоқликдаги Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қўлга олган эди. 2025 йил июнь ойида суд Атамбаевни сиртдан 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилганди.
Атамбаев Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида ер участкаларини ноқонуний олишда, шунингдек, Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилишдаги коррупция ва 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор деб топилган. Собиқ президентга нисбатан мол-мулкини мусодара қилиш ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этиш жазоси ҳам белгиланган. Атамбаев 2011-2017-йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган ва 2019 йил июнида дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ҳибсга олинганидан сўнг унга қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилганди.








