Daryo

Туркияда 115 нафар ИШИД аъзолари қўлга олинди (видео)

Истанбулда йирик антитеррор операцияси ўтказилиб, гуруҳнинг Янги йил арафасидаги режалари фош этилди.

1 дақиқа ўқиш3 446 кўришлар0 изоҳ1

Туркия хавфсизлик кучлари пойтахт Истанбулда кенг кўламли антитеррор операция ўтказиб, Рождество ва Янги йил байрамлари арафасида терактлар уюштиришни режалаштирган ИШИД террорчилик гуруҳининг 115 нафар аъзосини қўлга олди. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар берди.

Истанбул Бош прокуратураси хабарига кўра, олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида жами 137 нафар гумонланувчини ҳибсга олишга ордер берилган. Полиция бўлинмалари шаҳар бўйлаб 124 та манзилда бир вақтнинг ўзида махсус операцияларни амалга оширган. Ҳозирда қидирувдаги қолган 22 нафар шахсни қўлга олиш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Прокуратура баёнотида келтирилишича, террорчилар байрам кунлари аҳоли гавжум жойларда ва мусулмон бўлмаган нишонларга ҳужум қилишни кўзлаган. Жиноятчилар бу орқали жамиятда қўрқув уйғотиш ва мамлакатдаги барқарорликни издан чиқаришни мақсад қилган. Полиция рейдлари давомида ўқотар қуроллар ва тўппончалар, ўқ-дорилар, гуруҳ фаолиятига оид ташкилий ҳужжатлар мусодара қилинган.

Яширин тўдалар

Расмийларнинг билдиришича, қўлга олинганларнинг баъзилари Сурия билан алоқада бўлган, айримлари эса терроризм билан боғлиқ айбловлар билан халқаро қидирувга берилган. Туркия хавфсизлик кучлари 2019-йилда ИШИД ҳудудий жиҳатдан мағлуб этилган бўлса-да, унинг яширин тўдалари ҳамон хавф туғдираётганидан огоҳлантирмоқда. Мазкур операция превентив (олдини олувчи) характерга эга бўлиб, эрта разведка маълумотлари туфайли бирорта ҳам ҳужум амалга оширилишига йўл қўйилмаган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар