Тожикистон ва Афғонистон чегарасида 24 декабрга ўтар кечаси қуролли тўқнашув юз берди. Ҳодиса оқибатида икки нафар тожикистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа Шамсиддин Шоҳин туманида юз берган. Афғонистон томондан уч нафар террорчи “Саричашма” чегара отрядига қарашли пост ҳудудида давлат чегарасини бузиб кирган. Улар чегарачиларининг таслим бўлиш ҳақидаги буйруғига бўйсунмай, қуролли қаршилик кўрсатган.
“Улар Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларининг постларидан бирига қуролли ҳужум уюштиришни режалаштирган”, дейилади расмий хабарда.
Жанговар операция натижасида учала террорчи ҳам зарарсизлантирилган. Воқеа жойида учта М-16 милтиғи, битта “Калашников” автомати, учта хорижда ишлаб чиқарилган тўппонча, 10 та қўл гранатаси, тунги кўриш мосламаси, портловчи моддалар ва бошқа ўқ-дорилар мусодара қилинган. Қуролли тўқнашув оқибатида Тожикистоннинг “Саричашма” ҳарбий қисмида хизмат қилган 28 ёшли Исматулло Қурбонов ва 33 ёшли Зиребон Наврўзбеков ҳалок бўлган.
- Бу сўнгги бир ой ичида Афғонистон ва Тожикистон ўртасида содир бўлган учинчи қуролли тўқнашув ҳисобланади
Бу фактлар “Толибон” ҳукумати Тожикистон билан давлат чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда террористик ташкилотларга қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятлари ва қатъий мажбуриятларини бажармаётганидан далолат беради, дейилади баёнотда.
Тожикистон “Толибон” раҳбариятини тожик халқидан узр сўрашга ва Тожикистон билан чегара хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча самарали чоралар кўришга чақирди. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хавфсизлигини таъминлаш учун барча жисмоний ва жанговар имкониятларга эга эканлигини таъкидлади.
“Келажакда Тожикистон чегарачилари мамлакат чегаралари ва ватанини ташқи тажовуздан бор кучлари билан ҳимоя қилишда давом этади ва террорчи гуруҳлар, контрабандачилар ва Афғонистондан чегарани кесиб ўтишга уринишларни муносиб равишда қайтаради”, дея хулоса қилди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.








