Режиссёр Жеймс Кемерон ўзининг энг севимли жангари фильми ҳақида сўзлаб берди
Режиссёр янги “Терминатор” фильми устида ишлашга тайёр. У “Аватар: аланга ва кул” ҳақидаги муҳокамалар ва шов-шувлар босилгач, ушбу лойиҳа билан жиддий шуғулланишни режалаштирмоқда.
2 дақиқа ўқиш3 987 кўришлар0 изоҳ2
“Терминатор”, “Аватар”, “Титаник” фильмлари билан танилган афсонавий режиссёр Жеймс Кемерон Стивен Колбер шоусига берган интервьюсида қайси жангари фильм унинг энг севимли лойиҳаси эканини айтди.
Режиссёр “Ўтда ёнмас” (“Die Hard”) фильмини ҳақиқий санъат асари деб атади. Кемероннинг бу эътирофи студиядаги томошабинлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди. Унинг таъкидлашича, айнан ушбу фильм жангари жанрнинг барча муҳим унсурларини ўзида мужассам этган.
У “Ўтда ёнмас”ни нафақат жангари, балки Янги йил ҳақидаги энг яхшу фильмлардан бири деб ҳам ҳисоблайди:
Ўзимнинг фильмларимдан ташқари бошқа лойиҳаларни назарда тутяпсизми? Бу — “Ўтда ёнмас”. Унда энг яхши монолог бор, ёвуз қаҳрамоннинг энг яхши ўлими ҳам шу фильмда, деди Жеймс Кемерон.
Бироқ режиссёр айнан қайси машҳур иборани назарда тутганига аниқлик киритмади.
Интервью давомида Кемерон яна бир муҳим янгилик билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, режиссёр янги “Терминатор” фильми устида ишлашга тайёр. У “Аватар: аланга ва кул” ҳақидаги муҳокамалар ва шов-шувлар босилгач, ушбу лойиҳа билан жиддий шуғулланишни режалаштирмоқда.
“Аватар: аланга ва кул” фильми 19 декабрь куни кинотеатрларда намойиш этила бошланди. Блокбастер танқидчилар томонидан совуққонлик билан қабул қилинган бўлса-да, томошабинлар орасида анча илиқ таассурот қолдирди.
Роттен Томатоэс сайтида фильм танқидчилар баҳосига кўра 66 фоиз, томошабинлар рейтингида эса 91 фоиз натижани қайд этди. Аммо картинанинг прокатдаги старти кутилганидан сустроқ бўлди. АҚШда фильм дастлабки дам олиш кунларида атиги 88 миллион доллар даромад йиғди. Таққослаш учун, “Аватар”нинг аввалги қисми премера ҳафтасида 134 миллион доллардан ортиқ маблағ тўплаган эди.
“Аватар: аланга ва кул” фильмини суратга олиш харажатлари 350 миллион доллардан ошган. Лойиҳани молиявий жиҳатдан оқлаш учун камида икки миллиард доллар даромад талаб этилади. Дастлаб Пандора сайёраси ҳақидаги ҳикояни беш қисмда экранлаштириш режалаштирилган эди, бироқ Кемерон сериянинг келажаги бевосита “Аватар-3”нинг муваффақиятига боғлиқлигини таъкидлади. Айрим экспертлар эса аллақачон фильмнинг йирик касса ҳитига айланишига шубҳа билан қарамоқда.
Аввалроқ Жеймс Кемерон бойлиги бир миллиард доллардан ошган тарихдаги бешинчи режиссёр сифатида қайд этилган эди.
Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.