АҚШ президенти Дональд Трампнинг қароргоҳини қўриқлаш учун 22 декабрь куни F-16 қирувчи самолёти ҳавога кўтарилди. Бу ҳақда Шимолий Америка аэрокосмик мудофаа бўйича бирлашган қўмондонлик (NORAD) хабар берди.
Трампнинг Флоридадаги қароргоҳи устидаги ҳаво ҳудудида парвозлар тақиқланган. Аммо хусусий самолёт ушбу чекланган ҳудудга кирган. Шу сабабли F-16 қирувчи самолёти ҳавога кўтарилиб, уни тутиб олган.
NORAD вазият тезда назоратга олингани ва ҳеч қандай хавфли ҳолат юзага келмаганини маълум қилди. Бироқ қайси ҳаво кемаси ҳақида гап кетаётгани очиқламади. Ҳодиса Палм-Бич шаҳрида жойлашган Трамп қароргоҳи устидаги ҳаво ҳудуди билан боғлиқ.“NORAD F-16 қирувчи самолёти Флорида штатидаги Палм-Бич шаҳри устида парвозлар учун чекланган ҳаво ҳудудига кирган самолётни тутиб олди”, дейилади хабарда.
Бу Трампга тегишли мулклар устидаги ҳаво ҳудуди бузилиши сабабли АҚШ қирувчи самолётларининг ҳавога кўтарилиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Хусусан, август ойи бошида Нью Жерси штатининг Бедминстер шаҳрида жойлашган Трампга қарашли голф клуби устида ҳаво ҳудуди бузилган. Март ойи бошида эса учта фуқаролик самолёти АҚШ президентининг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳи яқинидаги ҳаво ҳудудига кириб кетган. Ўшанда самолётларга F-16 қирувчилари ҳамроҳлик қилган. Ушбу учала ҳодиса ҳам икки соат ичида содир бўлган.








