Май ойида Ўзбекистон аҳолиси учун электр энергияси тарифи 34 фоизга оширилди. Бу кўпчилик оилалар учун сезиларли нарх ўсишидир. Қарангки, 2025-йилда қўшни давлатларда ҳам тарифлар қимматлашди. Минтақада энг юқори нарх қайси давлатда? Ўзбекистонда келгуси йилларда тарифлар қандай ўзгариши мумкин? Ушбу мақолада рақамларни таққослаб, таҳлил қиламиз.
Нархлар қандай ўзгарди?
2016 йил октябрдан Ўзбекистонда аҳоли 1 kWh электр энергияси учун 191 сўмдан тўлай бошлаган. Кейин нархлар кетма-кет ошиб борди — 2017 йил 15 июлдан 204,3 сўмга, 2018 йил апрелдан 228,6 сўмга чиқди.
2018 йил 16 ноябрдан қиймат 250 сўмга етказилган. Мутасаддилар нарх кўтарилишини электр ишлаб чиқаришда ёқиладиган газ, мазут ва кўмир қимматлашгани билан изоҳлаган.
Кейинги тариф ўсиши 2019 йил 15 августда юз бериб, аҳоли ҳар бир kWh ток учун 295 сўмдан тўлайдиган бўлган.
2020 йил баҳорида Ўзбекистонда коронавирус пандемияси авж олди. Глобал инқироз ва ундан кейинги тикланиш даврида энергия тарифлари салкам беш йил ўзгармади. “Музлатилган” нархлар 2024 йил майидан бошлаб кескин “эрий” бошлади.
2024 йил баҳоридан газ ва электр энергияси истеъмолига табақалаштирилган тарифлар жорий қилинди. Янги тартиб асосида аҳоли 200 kWh’гача сарфлаган электр энергияси учун имтиёзли тарифда, ижтимоий нормадан ошган қисмига эса бозор нархида тўлов қилишга ўтди. Имтиёзли, яъни минимал нарх бирданига 450 сўмга чиқди. Ток сарфи 200 kWh’дан ўтса, кейинги тариф 900 сўмдан, 1 000 kWh’дан ошса, 1 350 сўмдан ҳисоблана бошлади. Шу билан бирга, 5 000 ва 10 000 kWh’лик чегараларда ҳам тарифлар ўсувчи шаклга ўтказилди. Статистика қўмитаси ҳисобига кўра, 2024-йилда республикада электр энергияси нархи 67 фоизга кўтарилган.
Мамлакатда 2025 йил 1 майдан бошлаб тарифлар яна оширилди: ижтимоий норма доирасидаги ҳар бир kWh электр учун тўлов 600 сўм этиб белгиланди. Бу имтиёзли тариф 34 фоизга ошди дегани. Умуман олганда, мамлакатда электр энергияси 1,5 йилда 295 сўмдан 600 сўмга ёки икки баравардан ортиққа қимматлашди.
Энди нархлар қачон ошади?
2025 йил 1 майдан Вазирлар Маҳкамасининг тариф сиёсатига оид 337-сонли қарори кучга кирди. Ҳужжатда электр энергияси учун тасдиқланган тарифлар 2026-йилдан бошлаб камида уч йил ўзгармаслиги белгиланган.
2025-йилнинг март ойига келиб, ҳукумат энергетика тарифларига оид яна бир — 194-сонли қарорини қабул қилди. Ундаги тартиб юқоридаги қарор мазмунига зид келади. Яъни ҳужжатда 2026 йил 1 январдан эътиборан электр нархлари ҳар йили 1 майдан йиллик инфляция даражасига мослаб оширилиши белгиланган.
Тенг юридик кучга эга ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилишидан келиб чиқсак, энди ҳар йили 1 майдан нархлар ўзгариб боради.
Нарх ошиши сифатга таъсир қилдими?
2024 йил апрелда Ўзбекистондаги истеъмолчиларнинг 73 фоизи бир ойда 200 kWh’гача электр энергиясидан фойдаланган. Яъни жами 7 миллион 228 минг абонентдан 5 миллион 255 мингтаси ижтимоий нормада белгиланган ҳажмдан кам ток ишлатган. Қиш ойларида 66–68 фоиз абонент 200 kWh’гача электр сарфлагани маълум қилинган.
“Ҳисоб-китобларимизга кўра, 200 kWh базавий эҳтиёжларни қоплашга етади”,—деган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
2024-йили ижтимоий норма доирасида (200 kWh) фойдаланилган электр энергияси учун тўлов 90 минг сўмни ташкил этган. 2025 йил эса мазкур рақам 120 минг сўмга етган.
Айни пайтда Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 271 000 сўмни ташкил этади. Агар энг кам даромад топаётган оила бир ойда 200 kWh электр ишлатса, иш ҳақининг 9,5 фоизи ток учун сарфлайди. Фақатгина электр энергияси учун бир йилда 1 миллион 440 минг сўм тўланади.
Электрни субсидиялаш
Энергетика — давлат бюджетидан энг кўп субсидия оладиган соҳа. Жумладан, 2025-йилда электр энергиясини харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасидаги салбий тафовутни молиялаштириш учун 500 миллиард сўм ажратилиши белгиланган (2024-йилда 2,5 триллион сўм эди). Тарифлар оширилишига қарамай, тармоқни субсидиялаш тўхтатилмаган.
Нархлар ўсиши электр энергияси таъминотини сифатли ва барқарор қилишга ёрдам бердими, деган яна бир масала бор. Таҳлилларга кўра, ҳали бундай натижага ҳали эришилмаган, энергия ресурслари таъминотидаги узилишлар тўлиқ ечим топмаган.
Масалан, Марказий банк 2025 йил апрель-июнь ойлари учун “Бизнес кайфияти шарҳи”ни эълон қилди. Ўтказилган сўров натижасига кўра, кўплаб корхоналар тўлиқ қувватда ишлай олмаётганига сабаб қилиб газ ва электр энергияси узилишларини кўрсатган. Мамлакатда аҳоли хонадонларида ҳам электр токи узилишлари буткул тўхтамаган. Соҳада хизмат кўрсатиш сифатининг етарли даражада эмаслиги, авария ҳолатларнинг ўз вақтида бартараф этилмаётгани ҳам доимий эътирозларга сабаб бўлиб келади.
Марказий Осиёнинг қайси давлатида электр нархи арзон?
Ўрганишларга кўра, 2025 йил ёзигача Марказий Осиёнинг тўртта давлатида электр энергияси нархлари оширилди. Улар орасида энг қиммат тарифлар Ўзбекистонда экани қайд этилган. Республикада 2025 йил май ойидан 1 kWh электр токининг минимум нархи 4,6 сентдан (600 сўм) сотила бошланди.
Қозоғистонда 2025 йил февралидан электрнинг энг паст нархи 1,8 сентдан (232 сўм), Тожикистонда апрелдан 3,24 сентдан (418 сўм) белгиланган. Қирғизистонда майдан аҳоли истеъмоли учун электр тарифи 1,56 сентдан (201 сўм) тўғри келган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига йиллик электр энергияси истеʻмоли ҳажми 2 220 kWh’га етади. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 5 630 kWh, Қирғизистонда 2 440 kWh, Тожикистонда 1 850 kWh’ни ташкил этади.
Ток ишлаб чиқариш кўпайган
Ўзбекистонда газдан фарқли равишда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб боряпти. Мисол учун, 2016-йилда 59,1 миллиард kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган. 2020-йилга келиб бу кўрсаткич 66,5 миллиард kWh’га, 2024-йилда эса 82,7 миллиард kWh’га етган.
2025 йил январь-октябрь ойларида 69,2 миллиард kWh электр токи ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йил мос даврига нисбатан 2,5 миллиард kWh’га кўп. Ўз навбатида электр энергияси истеъмол ҳажми ҳам ортмоқда. Масалан, 2016-йилда мамлакатда йиллик электр эҳтиёжи 45 миллиард kWh бўлган. 2024-йилда эса 65,5 миллиард kWh’га етган.
Умуман олганда, ишлаб чиқарилаётган электр ҳажми ва унга бўлган эҳтиёж орасида мувозанат бордек кўринади. Аммо ҳануз истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Мамлакатда электр тармоқларидаги йўқотишлар юқори бўлиб, қарийб 14 фоизни ташкил этади. Бу ўтган йили ишлаб чиқарилган электр токининг қарийб 11,6 миллиард kWh ҳажми ҳавога учаётганини англатади.
Мазкур муаммони тезкор ечиш орқали ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли қисқартириш мумкин. Албатта, тарифлар истиқболи бўйича ҳам аниқ рақамлар керак. Истеъмолчи яқин йилларда нархлар қандай ўзгаришини билишга ҳақли.








