Daryo

“Суғур куни”, “Кичик хонимлар”, “Эртадан кейин” — қаҳратон қиш ҳақидаги фильмлар

Қишни соғинганлар учун иссиқ қаҳва ичиб, мароқ билан томоша қилинадиган энг “совуқ” фильмларни тақдим этамиз.

5 дақиқа ўқиш6 297 кўришлар0 изоҳ2

Мана, биринчи қор ҳам ёғди. Бинолар томи, баргларидан халос бўлган дарахт шохлари қор билан қопланди. Қолаверса, Янги йил байрамига ҳам оз вақт қолди. Қаҳратон қишни соғинганлар учун иссиқ қаҳва ичиб, мароқ билан томоша қилинадиган энг “совуқ” фильмларни тақдим этамиз.

“Суғур куни”

Сюжет марказида Суғур куни шарафига ҳар йили ўтказиладиган фестивални ёритиш учун тўртинчи марта йўлга чиққан ва вақт занжирига тушиб қолган об-ҳаво бошловчиси Фил (Билл Мюррей) туради. Қаҳрамон яна ва яна ўша зерикарли, ҳеч нарсага арзимайдиган кунни бошдан кечириши керак. Невролог ва психиатр ҳам Филга ёрдам бера олмайди ва шунда у вазиятдан фойдаланиб, илгари журъати етмаган ҳаракатларни амалга оширишга қарор қилади.

Режиссёр Ҳаролд Ремиснинг мазкур фильми Дэнни Рубиннинг ҳикояси асосида суратга олинган бўлиб, у ўз навбатида Уилям Дин Ҳауэллснинг “Ҳар куни Рождество” асаридан илҳомланган. Картина Билл Мюррейнинг актёрлик услубига хос киноя ва абадий ҳаёт масалалари бўладими ёки сарказм билан параллел бўладими, жуда мураккаб фалсафий мавзуларни комедия сифатида тақдим этиши туфайли култ фильмга айланди.

“Беғубор ақлнинг сўнмас қуёши”

Мишел Гондрининг ажойиб романтик фильмида хотиралар инсон шахсининг асоси сифатида муҳокама қилинади. Тартибсиз ҳикоя, қишки пляжлар ва муз билан қопланган дарёлар ишқибозлари учун идеал фильм. Фильмда Жим Керри ва Кейт Уинслет ўз амплуасига мутлақо хос бўлмаган қаҳрамонларни ўйнаган. Уинслет Клементина роли учун “Оскар”, “Олтин глобус” ва Британия кино академияси мукофотига номзод бўлган.

Севишганлар кунида зерикарли ва оддий ҳаёт кечирадиган ғамгин ва сокин Жоэл ўз-ўзидан ишни ташлаб, Монтокка боришга қарор қилади. Совуқ қиш кунида у шўх-шаддод Клементинага дуч келади, у дарҳол йигитни ўзига мафтун қилади. Тез орада маълум бўладики, қаҳрамонлар нафақат бир-бирларини билишади, балки бир неча йил бирга яшаган ҳам. Аммо кейинчалик Клементина Жоэлни хотирасидан ўчириш учун шубҳали “Лакуна” ташкилотига мурожаат қилишга қарор қилган.

“Қора қор”

Ёқутистонлик режиссёр Степан Бурнашев томонидан суратга олинган, экстремал шароитларда омон қолиш ҳақидаги қайғули триллер. Бурнашев “Қора қор” фильмини ўз сценарийси бўйича суратга олган, шунингдек, фильмга ўзи продюсерлик қилган. Фильм Европа кинофестивалида бош совринни қўлга киритган.

“Қора қор” реал воқеаларга асосланган. Йўл ишчиси Гоша узоқ Ёқутистон қишлоқларида қалбаки спиртли ичимликлар сотишдан даромад олади. Маҳаллий аҳоли тобора қарамлик гирдобига ботиб бормоқда, кўпчилик охирги нарсасини ҳам шишага алмаштиришга тайёр. Бундай бизнес Гошани безовта қилмайди. Бир куни навбатдаги рейс вақтида юк машинаси бепоён муз саҳроси ўртасида қолиб кетади. Бундан ташқари, Гошанинг ўнг қўли жароҳатланади. Қаҳрамон қаҳратон қишнинг авжида қор ва ўзи билан ёлғиз қолади.

“Эртадан кейин”

Инсоният йиллар давомида экологик муаммоларга кўз юмиб келади, озон қатламини йўқ қилади ва табиий мувозанатни бузади. Палеоклиматолог Жек Ҳолл (Дэннис Куайд) БМТнинг Деҳлидаги конференциясида сиёсатчиларни яқинлашиб келаётган иқлим инқирози ҳақида огоҳлантиришга уринади, аммо уни ақлдан озган деб ҳисоблашади ва олимнинг далилларини жиддий қабул қилишмайди. Фалокат Жек башорат қилганидан анча олдин бошланади: иқлим ўзгариши ҳамманинг кўз ўнгида содир бўла бошлайди — сайёрага янги музлик даври яқинлашмоқда. Бу орада Жекнинг ўғли Сем (Жейк Жилленҳол) дўстлари билан Нью Йоркда қолиб кетади, шаҳарни мисли кўрилмаган қор бўрони қоплайди. Жек Нью Йоркка етиб бориш ва ўғлини қутқариш учун ҳамма нарсага тайёр.

Фильм Арт Белл ва Уитли Стрибернинг “Келажакдаги глобал бўрон” илмий-фантастик китобига асосланган. Фильмга Роланд Эммерих режиссёрлик қилган, у кино тарихига “Ой қулаши”, “Мустақиллик куни” ва “2012 йил” каби йирик ҳалокатли фильмлар ижодкори сифатида кирган.

“Порлаш”

Жек Торренс (Жек Николсон) “Оверлук” меҳмонхонасига назоратчи бўлиб ишга жойлашади. Меҳмонхона қояли тоғларнинг баланд қисмидаги хушманзара жойда жойлашган, лекин қишда унга борадиган йўлни қор қоплайди, шунинг учун у баҳор келгунча ёпилади. Жек учун бу мукаммал иш, чунки у ўз китобини ёзиб тугатишга ва ниҳоят, оиласининг моддий аҳволини яхшилашга умид қилмоқда. Унинг оиласи — хотини Венди (Шелли Дювалл) ва ўғли Дэнни қишлаш учун у билан бирга кетишади, улар учови бир неча ой ташқи дунёдан изоляцияда бўлишлари керак. Меҳмонхона бошқарувчиси бу осон бўлмаслигини айтади, чунки аввалги назоратчи ақлдан озган ва бутун оиласини ўлдирган. Жек билан Венди унинг сўзларига жиддий муносабатда бўлишмайди, бироқ тез орада Дэнни ўзини ғалати тутаётганини пайқаб қолишади ва меҳмонхонада ёлғиз эмасликларини гумон қилишади.

Мазкур фильм “Ёмон режиссёр” ва “Ёмон актриса” номинацияларида “Олтин малина” антимукофотига номзод бўлган Стенли Кубрикнинг ягона фильми ҳисобланади. Ҳатто Стивен Кингга ҳам асарнинг экранлаштирилиши ёқмайди, чунки у асл нусхадан катта фарқ қилади. Шунга қарамай, вақт ўтиши билан фильмга бўлган муносабат ўзгарди ва бугунги кунда у барча даврларнинг энг буюк даҳшатли фильмлари рўйхатида туради.

“Омон қолган”

Алехандро Гонсалеснинг Инярриту режиссёрлик қилган мазкур фильм учун оператор Эммануэл Любецки “Оскар” мукофотига сазовор бўлган. Бош ролни ижро этган Леонардо Ди Каприо ҳам ўзининг биринчи “Оскар”ини айнан шу фильм туфайли қўлга киритган. Бунинг учун у от жасадининг ичига кирган, хом жигар еган, муздек дарёда сузишдан ва суратга олиш майдончасида доимий равишда совқотишдан кейин сон-саноқсиз шамоллашларга дучор бўлган.

ХИХ аср, Американинг шимоли-ғарбий қисми. Траппер Хю Глассга (Ди Каприо) гриззли айиғи ҳужум қилади ва унга оғир жароҳатлар етказади. Яқиндагина ҳужумдан омон қолган ва арикара ҳиндулари томонидан вайрон қилинган Гласс отряди қўлга киритилган тери қолдиқлари билан энг яқин қалъага боради. Гуруҳ аъзолари ярадор Глассни ўзлари билан олиб кетишга қарор қилишади, аммо улардан бири Жон С. Фицжералд (Том Харди) бунга рози бўлмайди, чунки бундай юк бутун отрядни секинлаштиради. Фицжералдга у ўлмагунча Гласс билан бирга бўлиш ва муносиб равишда дафн этиш топширилади, аммо Жон ярадор овчи тезроқ ўлиши учун уни ёлғиз қолдиради. Аммо Гласс ўлмоқчи эмас, у қалъага етиб олиш ва сотқиндан қасос олиш учун қишки ўрмон бўйлаб юзлаб километр йўлни ёлғиз босиб ўтиши керак.

“Кичик хонимлар”

Ушбу фильм Грета Гервигнинг самимий ва ҳаётбахш фильмларидан бири. “Кичик хонимлар” Луиза Мей Олкоттнинг худди шу номдаги автобиографик романига мослаштирилган бўлиб, унда балоғатга етиш ва аёллар озодлиги мавзулари кўтарилади.

Фильм воқеалари Америкада фуқаролар уруши авж олган пайтда содир бўлади. Оила бошлиғи Марч конфедератларга қарши урушга кетган, унинг рафиқаси Марми (Лора Дёрн) ва тўрт қизи эса қийналиб яшашади. Шунга қарамай, оила тушкунликка тушмайди — камбағал қўшниларга ёрдам беради, Рождество байрами ва қувноқ томошалар уюштиради. Қизларнинг ҳар бири умид билан яшайди: Жо (Сирша Ронан) романлар ёзишни орзу қилади, Эми (Флоренс Пю) Парижга кўчиб бориб, рассом бўлишни истайди, Мег (Эмма Уотсон) турмуш қуришга тайёргарлик кўради, пианиночи Элиза (Элайза Сканлен) эса шунчаки урушнинг тугаши ва оиласи доимо бирга бўлишини хоҳлайди.

Қашқадарё вилоятиданман. 2024 йилда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2025 йилдан буён Лифестйле таҳририяти мухбири лавозимида ишлайман. Достоевский асарларини, Рашод Нури Гунтекиннинг “Яшил кеча”сини, ўзбек адабиётидан “Икки эшик ораси”, “Мувозанат” асарларини севиб мутолаа қиламан. “Оқ кема”(Чингиз Айтматов асари), “Еттинчи бўлмадаги мўъжиза” (Туркия),“Мажнунтол” (Эрон) фильмларини яхши кўриб томоша қиламан.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар