“Бенфика” Португалия кубоги 1/8 финал босқичи доирасида “Фаренсе” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур ўйиндаги муваффақият жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньо учун фаолиятидаги 750-ғалаба сифатида қайд этилди.
“750 ғалаба – улардан қайси бири энг муҳим, дейсизми? Фаолиятимдаги биринчи ғалабам — “Белененсеш”ни мағлуб этганимиз, “Порту”нинг Чемпионлар Лигасида “Монако” устидан ғалабаси, “Интер”нинг Чемпионлар Лигасидаги иккинчи финалда “Бавария” устидан ғалабаси ёки бугунги “Фаренсе”га қарши баҳсдаги ғалабамизми? Йўқ! Кейингиси, 751-ғалаба. Келинг, навбатдаги ғалаба учун ишлайлик!” — дейди Моуриньо учрашувдан кейинги интервьюсида.
62 ёшли Моуриньо футбол тарихидаги энг муваффақиятли ва кучли мураббийлардан бири ҳисобланади. У “Порту” (2004) ва “Интер” (2010) билан УЕФА Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган. 2010 йилда “Интер” бошқарувида требл қайд этган, яъни бир мавсумда миллий чемпионат, миллий кубок ва Чемпионлар лигаси совринларини қўлга киритган. Шунингдек, тўрт марта йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
Мураббий сифатида у Португалия, Англия, Италия ва Испания чемпионатларида кўплаб жамоаларни бошқарган ва 26 та совринларга эга. У “Бенфика”, “Порту”, “Челси”, “Интер”, “Реал Мадрид”, “Манчестер Юнайтед”, “Тоттенҳэм”, “Рома” ва “Фенербаҳче” клубларида бош мураббий сифатида фаолият юритган.
Маълумот учун, футбол тарихида энг кўп ғалабага эришган мураббий Сер Алекс Фергюсон ҳисобланади. У қўл остидаги жамоалар билан 2155 учрашув ўтказган ва 1253 ғалаба қайд этган.








