Россияда 2026-йилдан бошлаб мигрантларга алкоголь ва тамаки савдосида ишлаш тақиқланади. Уларнинг қурилишда иштирок этиш улуши ҳам камаяди. Россия бош вазири Михаил Мишустин тегишли қарорни имзолади.
Янги қоидаларга кўра, иш берувчилар хорижий мутахассислар сонини ҳудудий ва тармоқ бўйича белгиланган чекловларга мослаштириши шарт. Ҳукумат бозорларда ва кўчма савдо нуқталарида чакана савдога хорижий фуқароларни жалб этиш бўйича тақиқни сақлаб қолди. Шунингдек, дорихоналарда дори воситалари савдосида ҳам чет элликлар ишлашига рухсат берилмайди.
Йўловчи ва юк ташиш соҳаларида меҳнат мигрантларининг улуши ушбу тармоқлардаги умумий ишчи кучи эҳтиёжининг 24 фоизидан ошмаслиги керак. Қурилиш соҳасида ҳукумат чекловни 80 фоиздан 50 фоизгача қисқартирди, сабзавот етиштиришда — 50 фоиздан 40 фоизгача, ўрмон хўжалиги ва ёғочни қайта ишлашда ҳам 50 фоиздан 40 фоизгача камайтирди.
Агар компанияда мигрант ишчилар сони белгиланган лимитлардан ошиб кетса, ходимларнинг бир қисми билан меҳнат шартномалари бекор қилинади. Агар компанияда хорижий ходимларнинг улуши рухсат этилган фоиздан ошса, иш берувчи маъмурий жавобгарликка тортилади.
- Мансабдор шахсларга 45 минг рубльдан 50 минг рубльгача, юридик шахсларга 800 минг рубльдан 1 миллион рубльгача жарима ёки 14 кундан 90 кунгача фаолиятни тўхтатиб туриш белгиланади.
“Иқтисодиётнинг айрим секторларида меҳнат муҳожирлари улушини чеклаш россияликларни иш билан таъминлаш учун устунликни сақлаш зарурати билан боғлиқ. Бу жуда оқилона қарор, чунки меҳнат муҳожирлари маҳаллий ишчиларга рақобат яратади.
Бироқ ушбу чоралар қанчалик самарали эканини фақат 2026 йил охирига бориб баҳолаш мумкин бўлади. Ўшанда россияликлар айнан чекловлар жорий этилган соҳаларда ишлашга қанчалик тайёр экани аён бўлади”, дейди Россия ҳукумати ҳузуридаги молия университети профессори Александр Сафонов.








