Daryo

Бразилияда қалам учидек келадиган қурбақа тури аниқланди

Янги тур Бразилия президенти Лула да Сильва шарафига Brachycephalus lulai деб номланди.

2 дақиқа ўқиш9 386 кўришлар0 изоҳ3

Бразилиялик олимлар мамлакатнинг тоғли ўрмонларида зарғалдоқ тусли янги митти қурбақа турини аниқлади. Бу жонивор шунчалик кичикки, у бемалол қалам учидан жой олади. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Янги тур Бразилия жанубидаги Атлантика ўрмонининг Серра-ду-Кирири тоғ тизмасидаги булутли ўрмонлардан топилган. Олимлар ушбу турга Бразилия президенти Луиз Инасиу Лула да Сильва шарафига Brachycephalus lulai деб ном берди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, булутли ўрмонлар одатда денгиз сатҳидан 1 000 ва 2 500 метр баландликда жойлашган бўлиб, у ерда йил давомида дарахтлар тепасини булут қатлами қоплаб туради.

Мазкур митти жонзотлар ер юзидаги энг кичик тўрт оёқли ҳайвонлар сирасига киритилди. Уларнинг ўзига хос жиҳатлари қуйидагича:

  • нар митти қурбақанинг узунлиги 9 миллиметрдан 11 миллиметргача, модасиники 11 дан 14 миллиметргача бўлади;
  • танасининг ранги ёрқин оловранг бўлиб, устида ўзига хос яшил ва жигарранг доғлари бор.
  • овози жуда ўзгача бўлиб, кўпайиш даврида жуфт топиш учун ўзига хос “жуфтлашиш чорлови”, яъни,  икки қисқа товуш чиқаради. Бу мазкур турни бошқа брачйcепҳалус вакилларидан ажратиб туради.

Тадқиқотчилар янги турни тасдиқлаш учун компьютер томографияси ва ДНК таҳлилларини ўтказди. Маълум бўлишича, бу турдаги қурбақалар чекланган ҳудудларда яшайди ва йўқолиб кетиш хавфи остида турибди.

“Ушбу кашфиёт орқали биз бутун Атлантика ўрмонини, хусусан, Бразилиядаги эндемик митти қурбақаларни сақлаб қолишга қаратилган ташаббусларни кенгайтиришни мақсад қилдик”, деди тадқиқотчилар PLOSE onе журналида чоп этилган илмий мақолада.

Олимлар ҳукуматдан ушбу ҳудудда янги қўриқхона — Refugio de Vida Silvestre Serra do Quiriri’ни ташкил этишни сўрамоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача дунёда икки миллионга яқин ҳайвон тури кашф этилган. Олимлар Ер юзида саккиз миллионга яқин ҳайвон тури яшашини тахмин қилади. Шуни ҳисобга олганда, яна камида олти миллион жонзот ҳали тадқиқ этилмаган.

Маълумот ўрнида, олимлар 2012 йилда Венесуэлада жигарранг қурбақа кашф этиб, уни таниқли кинорежиссёр Жеймс Кемерон номига атаганди. Қурбақа страбомантидаэ олиасига мансуб бўлиб, бу тур ҳам йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар рўйхатига киритилган. 

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар