Daryo

АҚШ БМТнинг Фаластин бўйича агентлигига санкция киритмоқчи

Қўшма Штатлар фаластинлик қочқинлар агентлигини “террорчилик”ка алоқадорликда, хусусан, ҲАМАС билан тил бириктиришда айбламоқда.

2 дақиқа ўқиш3 668 кўришлар0 изоҳ0

АҚШ президент Дональд Трамп маъмурияти расмийлари БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишлар бўйича агентлигига (UNRWA) нисбатан “террорчилик”ка алоқадор санкциялар жорий этиш юзасидан жиддий музокаралар ўтказди. Бу ҳақда масала бўйича бевосита маълумотга эга икки манбага таяниб, Reuters хабар берди.

Маълум қилиниҳсича, бу қарор Давлат департаменти ичида жиддий ҳуқуқий ва гуманитар хавотирларни келтириб чиқармоқда. UNRWA Ғазо, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили, Ливан, Иордания ва Сурияда фаолият юритиб, миллионлаб фаластинликларга ёрдам, мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва бошпана тақдим этади.

БМТнинг юқори даражали амалдорлари ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши UNRWA’ни Ғазодаги ёрдамнинг асосий таянчи деб билади. Маълумки, Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ўртасида 2023 йил октябрь ойида уруш бошланганидан бери агентлик ҳудудда кенг қамроқвли гуманитар ишлар билан шуғулланиб келади.

Маблағ тўхтатилиши ва айбловлар

Трамп маъмурияти, шунга қарамай, агентликни ҲАМАС билан алоқадорликда айблаган, бироқ UNRWA бу даъволарни қатъий рад этиб келади. Вашингтон узоқ вақт давомида UNRWA’нинг энг йирик донори бўлган. Аммо Исроил агентликнинг ўнлаб ходимларини 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан содир этилган ва Ғазодаги урушни бошлаб берган ҳалокатли ҳужумда иштирок этишда айблаганидан сўнг, 2024 йил январь ойида молиялаштиришни тўхтатган.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 2025 йил октябрь ойида агентликни ҲАМАСнинг шўбасига айланиб қолганликда айблаган. Бунгача Қўшма Штатлар 1997-йилда ҲАМАСни “террористик ташкилот” деб тан олган.

Қандай санкциялар жорий этилиши аниқ эмас

Ҳозирги музокаралар бутун агентликни санкциялашга қаратилганми ёки фақат UNRWAнинг айрим мансабдор шахсларига ёки унинг операцияларига қаратилганми – бу ҳозирча аниқ эмас. АҚШ расмийлари UNRWA’га нисбатан қўлланиладиган санкцияларнинг аниқ турини ҳали ҳал қилмаган кўринади.

Манбаларга кўра, Давлат департаменти амалдорлари муҳокама қилган эҳтимоллардан бири UNRWA’ни “хорижий террористик ташкилот” деб эълон қилишдир. Бироқ, бу вариант UNRWA’ни молиявий жиҳатдан кескин изоляция қилиши мумкинлиги сабабли, бунинг ҳозирда жиддий кўриб чиқилаётгани ноаниқ.

“Мисли кўрилмаган ва асоссиз”

UNRWA’нинг Вашингтондаги офиси директори Уилям Дир агар АҚШ расмийлари “хорижий террористик ташкилот” номини беришни муҳокама қилаётган бўлса, агентлик “ҳафсаласи пир бўлишини” билдирган. У бундай ҳаракатни “ҳам мисли кўрилмаган, ҳам асоссиз” деб атамоқда.

“2024 йил январь ойидан бери тўртта мустақил тузилма, шу жумладан, АҚШ Миллий разведка кенгаши ҳам UNRWA’нинг нейтраллигини текширди. Турли вақтларда ва турли нуқтайи назарлардан содир бўлган бўлса-да, уларнинг барчаси бир хулосага келди: UNRWA ажралмас, нейтрал, инсонпарварлик фаолиятини юритувчи субъектдир”, деган Дир.

Бунга жавобан, Давлат департаменти расмийси UNRWA’ни “террорчиларга ёрдам бериш ва уларга шериклик қилиш бўйича исботланган тажрибага эга бўлган коррупциялашган ташкилот” деб атамоқда.

“Барчаси равшан. Ҳали якуний қарорлар қабул қилинмади”, дея қўшимча қилган у.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар