Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида эркаклар ўртасида бокс бўйича Жаҳон чемпионати давом этмоқда. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақанинг навбатдаги кунида Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар аъзоси рингга кўтарилди.
Дастлаб, -63,5 кг вазн тоифасида бўлиб ўтган жангда Саят Ильясов Қирғизистон вакили Омар Лива билан тўқнаш келди. Саят барча имкониятларини ишга солганига қарамай, рақибига 0:5 ҳисобида ютқазиб, мусобақадаги иштирокини якунлади.
Кейинги жанг -71 кг вазн тоифасида бўлиб ўтди. Шу вазн тоифасида рингга чиққан Шавкатжон Болтаев Мозамбик вакили Осорио Муҳанга билан учрашди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган жангда Болтаев ҳакамлар қарорига кўра 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
Куннинг сўнгги жангида -57 кг вазн тоифасида рингга чиққан Хўжаназар Нортожиев Шри-Ланка вакили Рукмал Подини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди.
Маълумот учун, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида эркаклар ўртасида бокс бўйича Жаҳон чемпионати 13 декабрга қадар давом этади.








