Қозоғистонлик WBO ва IBF Жаҳон чемпиони Жонибек Алимханулининг допинг-тест натижалари ижобий бўлмаганини маълум бўлди. Бу ҳақда “The Ring” нашри хабар берди.
“ВАДА томонидан ўтказилган текширувда Алимханули таҳлилларида тақиқланган модда аниқланган. Шу сабабли 7 декабрь санасига белгиланган Жонибек ва Эрисланди Лара ўртасидаги жанг ўтказилмаслиги мумкин”, дейди “The Ring” журналисти Майк Коппингер.
“Nur.kz” нашрининг қўшимча қилишича, 2 декабрь куни WBO ташкилоти ВАДА (ихтиёрий антидопинг агентлиги)дан Жонибек Алимханули бўйича расмий билдиришнома олган. Қозоғистонлик боксчининг допинг-тести Эрисланди Ларага қарши бўлиб ўтиши режалаштирилган жанг олдидан ўтказилган текширув доирасида ижобий натижа қайд этган.
“WBO қоидалари ва тамойилларига содиқ ҳолда, спортчилар хавфсизлиги ва адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида биз ички терговни бошладик. Боксчи ва унинг вакилларига тушунтириш бериш учун расмий хабарнома юборилади. Бу жараён барча процедуралар ва ҳуқуқий талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади”, дейилади WBO баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Жонибек Алимханули ва Эрисланди Лара ўртасидаги ўрта вазн тоифасидаги камарлар учун жанг 7 декабрь куни Сан-Антониодаги “Frost Bank Center” аренасида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Маълум қилинишича, агар Алимханулининг айби исботланса, Эрисланди Лара ўзининг WBA камарини бошқа рақибга қарши ҳимоя қилиши мумкин.








