Россия президенти Владимир Путин 2 декабрь куни Москва Европа давлатлари билан урушни хоҳламаслигини, аммо агар Европа урушни истаса, жанг қилишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Кремль раҳбари Европа давлатларини АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинадаги урушни тугатишга қаратилган уринишларига тўсқинлик қилишда айбламоқда. Путиннинг фикрича, европаликлар Москва учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган таклифларни илгари суриш орқали, кейинчалик Россияни тинчликни истамасликда айбламоқчи.
“Россия Европа билан урушмоқчи эмас. Лекин агар улар урушни хоҳласа, биз бунга ҳозирнинг ўзида тайёрмиз. Европаликлар АҚШнинг тинчликка эришиш ҳаракатларига халақит қилмоқда. Улар реал воқеликни ҳисобга олган тақдирда, биз европаликларга музокараларга қайтишга имкон берамиз”, деган Путин.
Шунингдек, Путин Европа давлатлари уруш томонида дея хулоса қилган. Нутқида давом этар экан Россия президенти Украинага ҳужумлар янада жадаллаштирилишини айтган.
“Россия Украина портларига ва кемаларига зарбалар диапазонини кенгайтиради. Агар Украина Россия кемаларига қарши ҳужумларни давом эттирса, Москва Киевни денгиздан узиб қўйиши мумкин”, деган Путин.








