Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин интернетни бошқаришнинг узоқ муддатли тизимини яратиш, блогерлар ва онлайн платформалар фаолиятини қаттиқроқ назорат қилиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар қилди.
Та`кидланишича, давлат раҳбари интернет платформалар, шахсий блоглар ва МCН-агентликлар (инфлуенсерлар аккаунтларини бошқарувчи компаниялар) устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган. Унинг кўрсатмасига кўра, улар ижтимоий масъулиятни зиммасига олиши ва ижобий мазмундаги контентни тарқатиши шарт.“Тармоқдаги тартибсизликларга қарши қатъият билан курашиш, уларга зарба бериш, манфаатдорлик занжирларини узиш ва уларнинг илдизини қуритишга журъат этиш лозим”,- дея унинг сўзларини келтиради телевидениэ.
Шунингдек, Си Цзиньпин сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотларни ривожлантириш билан боғлиқ муаммоларни қайд этиб, бу соҳада хавф-хатарларни таснифлаш ва маълумотларни ҳимоя қилиш тизимларини такомиллаштириш вазифасини қўйган.
Бундан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти сохта хабарлар тарқатишда фош бўлган оммавий ахборот воситаларини шарманда қилувчи виртуал тахтани ишга туширгани хабар қилинганди.








