Яманда Исроил ва унинг ғарбий иттифоқчилари номидан жосуслик қилгани учун 17 кишини отиб ўлдирилади. Ҳукм прокурорлар билан ишлайдиган ҳусий судьялари томонидан эълон қилинди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Санаа шаҳридаги Махсус жиноят суди 22 ноябрь куни АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистони разведкаси билан боғлиқ “жосуслик гуруҳлари” иши бўйича ҳукм чиқарган. Суд 17 кишини “жамоат жойида қатл этишга” ҳукм қилган. Шунингдек, яна бир аёл ва эркак 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, бошқа бир эркак эса барча айбловлардан оқланган. Шу тариқа бу иш бўйича суд қилинаётганлар сони 20 нафарга етган.
Прокурорлар судланувчиларга 2024–2025 йилларда “Яманга душман хорижий давлатлар фойдасига жосуслик қилганлик” айбини қўйган. Бу рўйхатда Буюк Британия ҳам тилга олинган. Суд ҳукмига кўра, улар апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
Хабарларга кўра, Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати айбланаётган яманликлар билан алоқада бўлган махсус ходимларига йўл-йўриқ берган. Уларнинг ҳаракатлари бир нечта ҳарбий, хавфсизлик ва тинч аҳоли объектларига зарба берилишига олиб келган. Оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлиб, инфратузилманинг катта қисми вайрон бўлган.
АҚШ ва Буюк Британия 2023 йил октябрь ойида Исроилнинг Ғазога қарши уруши бошланганидан сўнг Яман бўйлаб ўнлаб қўшма ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Чунки ҳусийлар фаластинликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Исроилга ва Қизил денгиз орқали халқаро денгиз транзитига ҳужумлар уюштирди.
Ҳусийлар ўтган ой Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин ҳужумларни тўхтатди. Исроил эса Яман ва унинг инфратузилмасига йирик ҳаво ҳужумларини уюштирди. Ёнилғи омборлари, электр станциялари ва гуманитар ёрдам етказиладиган муҳим порт шаҳарга зарбалар берилиб, сиёсий етакчилар ва ўнлаб тинч аҳоли ўлдирилди. Август ойида ҳусийлар Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида Санада ўз ҳукуматининг бош вазири ҳалок бўлганини тасдиқлаганди.
Аҳмад ар-Раҳовий “бир неча” бошқа вазирлар билан бирга ўлдирилган, дейилган ўшанда ҳусийлар баёнотида.








