Daryo

Хитой БМТга Япониядан шикоят қилиб, хат юборди

Мактуб япон бош вазири Санаэ Такаичининг Тайван борасидаги баёноти ҳақида бўлиб, унда Токио Пекин ички ишларига аралашаётгани таъкидланди.

1 дақиқа ўқиш2 147 кўришлар0 изоҳ0

Хитойнинг БМТдаги элчиси бош котиб Антонио Гутерришга Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг Тайван борасидаги фикрларига нисбатан Пекиннинг позициясини акс эттирувчи расмий хат тақдим этди. Бу ҳақда China Daily хабар берди.

Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Фу Сонг хатда Такаичининг Япония парламентидаги яқинда қилган чиқишлари Тайван бўйича очиқдан-очиқ провокацион баёнотлар эканини таъкидлади. Ўшанда Такаичи шундай деган эди:

“Хитой Тайванга қарши ҳарбий куч қўлласа, бу Япониянинг хавфсизлигига таҳдид бўлади”.

Сонг мактубда бу сўзларни Тайвандаги эҳтимолий можаро ва Япониянинг хавфсизлиги ўртасида мисли кўрилмаган алоқа ўрнатиш деб баҳолади. Сонгнинг ёзишича, агар Япония вазиятга қуролли аралашишга журъат этса, бу тажовузкор ҳаракат деб баҳоланади.

“Хитой БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан қатъий фойдаланади ва ўз суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилади”, дейилади Хитой мактубида.

Сонгнинг таъкидлашича, 1945 йилда Япония мағлубиятга учраганидан бери биринчи марта Япония раҳбари расмий вазиятда “Тайван учун эҳтимолий уруш Япония учун ҳам урушдир” деган ғояни илгари сурмоқда.

Хатда Хитой Тайван масаласини Япония билан дипломатик йўллар орқали бир неча бор муҳокама қилгани, бироқ Токио томони ўз хато баёнотларидан воз кечишни истамаётгани қайд этилди. Сонг мактубда Такаичининг баёнотини халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатларнинг асосий нормаларини қўпол равишда бузиш деб атади.

“Тайван Хитойнинг муқаддас ҳудудидир. Тайван масаласини қандай ҳал қилиш Хитой халқининг иши ва ҳеч қандай хорижий аралашувга йўл қўйилмайди”, деб ёзган Сонг хатда.

Хатда Сонг Японияни ўзининг тарихий жиноятлари устида чуқур ўйлашга чақирди ва Иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлган давлат сифатида у Тайван масаласидаги сиёсий мажбуриятига қатъий риоя қилиши, провокацияларни дарҳол тўхтатиши ва хато баёнотларидан воз кечиши кераклигини таъкидлади. Хитой миссияси бу хат Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида БМТга аъзо барча давлатларга тарқатилишини маълум қилди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар