Сингапур дунёда биринчи бўлиб, авиация ёнилғисининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида йўловчилардан “яшил ёнилғи” солиғини ундиришни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаро авиацияси бошқармаси (CААS)га таяниб, Euronews хабар берди.
Сингапур авиация соҳасида барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида янги солиқни жорий этмоқда. Ўтган ҳафта Фуқаро авиацияси бошқармаси мамлакатдан бошқа манзилга учиб кетадиган барча йўловчилар учун Барқарор авиация ёнилғиси (САS) солиғи олинишини тасдиқлади. Бу йиғимнинг миқдори зарур бўлган ёнилғи ҳажми, унинг тахминий юқори нархи ва бошқа тегишли харажатлар асосида белгиланади.
Қанча тўланади?
Солиқ миқдори парвоз қилинадиган масофага қараб фарқ қилади ва тўрт географик ҳудудга бўлинади:
- Жануби-Шарқий Осиё (энг яқин ҳудуд) га училса, эконом синф учун 1 доллар, премиум синфлар учун эса 4 доллар тўланади.
- Осиёнинг шимоли-шарқий ва жанубий қисмлари, Австралия каби ҳудудларга сафар қилинса, эконом синф учун 3.80 доллар, премиум синфлар учун эса 11.20 доллар ундирилади.
- Европа, Африка, Яқин Шарқ ва Марказий/Ғарбий Осиёга училса, солиқ миқдори сезиларли ошади: эконом синфда 6.40 доллар, премиум синфларда эса 25.60 доллар бўлади.
- Америка қитъасига парвоз қилинса, энг юқори солиқ ундирилади: эконом синфда 10.40 доллар, премиум синфларда эса 41.60.
Бу солиқ транзит парвозлардан олинмайди, фақат Сингапурдан бошқа манзилга учиб кетаётганларга тааллуқлидир.
Агар рейсда бир нечта тўхташ нуқтаси бўлса-чи?
Кўп бекатли рейслар учун САF йиғими фақат Сингапурдан учиб кетгандан кейинги энг яқин манзил учун қўлланилади. Масалан, агар Сингапурдан Амстердам орқали Парижга училса, солиқ фақат Сингапур-Амстердам қисми учун тўланади.
Қачон ва қандай тўланади?
Авиакомпания САF йиғимини йиғади ва у чиптада алоҳида белгилаб кўрсатилади. Айрим рейслар, масалан, ўқув, хайрия ёки гуманитар мақсадлардаги парвозларга бу солиқ жорий этилмайди. CААS бош директори Ҳан Ҳок Хуаннинг сўзларига кўра, бу янги қоидалар Сингапурнинг янада барқарор ва рақобатбардош авиация марказини яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.








