UFCнинг ярим ўрта вазн тоифасидаги чемпиони, россиялик Ислом Махачев австралиялик Жек Делла Маддалена билан бўлган жангдан 3 миллион доллардан кўпроқ даромад қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Sporty Salaries хабар берди.
Махачев UFC 322 турнирида Жек Делла Маддаленага қарши бўлган чемпионлик жангида ҳакамларнинг якдил қарорига кўра ғалаба қозонди.
Манбага кўра, Махачевнинг умумий даромади $3,332 миллион долларни ташкил қилган. Жумладан:
- октагонга чиқиш учун — 800 минг доллар,
- ҳомийликдан — 32 минг доллар,
- пуллик трансляциялар (PPV)дан — 2,5 миллион доллар.
Жек Делла Маддалена эса жами 1,992 миллион доллар ишлаб топган: 750 минг доллар (жанг учун), 42 минг доллар (ҳомийлик), 1,2 миллион доллар (PPV) пуллик трансляциядан тушган.
“Бу менинг орзуим эди. Умрим давомида шу пайтни кутдим ва ниҳоят бунга эришдим. Бу камарлар жуда оғир, лекин менга ёқади”, деди Махачев Маддаленага қарши жангдан кейин.
Ислом Махачевга қадар бирор россиялик жангчи UFCда икки вазн тоифасида чемпион бўлмаган. У 2022-йилдан 2025-йилгача енгил вазн чемпионлик камарини ўзида сақлаб келган бўлса, жорий йилнинг май ойида ярим ўрта вазнга ўтишини эълон қилди. 34 ёшли аралаш жанг санъати устаси Маддаленани мағлуб этгани ортидан UFCдаги ғалабалар сериясини 16 тага етказди. Унинг промоушендаги ягона мағлубияти 2015-йилда Адриан Мартинсга қарши жангда кузатилган.








