АҚШ Аргентина, Эквадор, Гватемала ва Салвадор ишлаб чиқарадиган айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ва импорт товарларига қўйилган божларни олиб ташлашни режалаштирди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Маълум қилинишича, божлардан озод қилиниш эвазига америкалик компанияларнинг ушбу давлатлар бозорларига кириши осонлаштирилади.
Банан ва қаҳва нархларини пасайтириш режалаштирилмоқда
Яқин икки ҳафта ичида якунланиши кутилаётган келишувлар минтақадан импорт қилинадиган банан, қаҳва ва бошқа маҳсулотлар нархини пасайтиришга қаратилган.
Оқ уй аҳолининг яшаш харажатлари билан боғлиқ норозиликлари фонида нархлар масаласига кўпроқ эътибор қаратмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти юқори нархлар учун собиқ мамлакат раҳбари Жо Байден сиёсатини айбламоқда. Иқтисодчилар эса нархларнинг ўсишига Трампнинг деярли барча давлатларга қўйган кенг кўламли божлари ҳам сабаб бўлганини таъкидламоқда.
Минтақа давлатлари қандай муносабат билдирди?
Аргентина, Салвадор, Гватемала ва Эквадор мазкур енгилликни мамнуният билан қабул қилди. Хусусан:
- Аргентина ташқи ишлар вазири Пабло Кирно бу келишув АҚШ инвестицияларини ошириш учун шароит яратишини айтди.
- Салвадор элчиси икки давлат ишонч асосида муносабатларни қайта тиклаганини таъкидлади.
- Гватемала элчиси эса бу келишув мамлакатни янада рақобатбардош ва инвесторлар учун жозибадор қилишини билдирди.
АҚШ Бразилия билан ҳам музокара олиб бормоқда
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виеира билан шунга ўхшаш келишувни муҳокама қилди. Виеиранинг айтишича, Қўшма Штатлар бу масалани жадал тарзда кўриб чиқмоқда ва тез орада жавоб бериши кутилмоқда. Бразилия дунёдаги энг йирик қаҳва экспортчиси, аммо Трамп жорий қилган 50 фоизлик божлар сабаб АҚШ бозорига чиқиш анча қийинлашган.








