Туркия ҳарбий юк самолёти Грузия чегарасида қулаб тушди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазирлигига таяниб, Daily Sabah хабар берди.
Самолёт Озарбайжондан Туркияга қайтаётган бўлган. Вазирлик баёнотида айтилишича, C-130 русумли самолёт бортида 20 нафар ҳарбий хизматчи, жумладан учувчилар ҳам бўлган. Ҳозирда Грузия ҳукумати билан ҳамкорликда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Ҳалок бўлганлар ёки омон қолганлар ҳақида расмий маълумот берилмаяпти.
Грузия Ички ишлар вазирлиги ҳам ҳодисани тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, самолёт Озарбайжон чегарасидан тахминан 5 километр масофада Грузия ҳудудига қулаган. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада бўлиб ўтган тадбирда воқеа ҳақида гапириб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.
“Биз самолёт қолдиқларини текшириш учун тегишли идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз”, деган Эрдўғон.








