Daryo

“Аср битими ва Қозоғистон”. Иброҳим келишувлари ўзи нима?

Марказий Осиё ва АҚШ саммитида кутилмаган воқеа юз берди. Дональд Трамп Қозоғистон Иброҳим келишувлари битимига қўшилишини маълум қилди. Остона усиз ҳам яҳудий давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатган бўлиб, ҳатто Тель-Авивда ўз элчихонасига эга. Мақолада Иброҳим келишувлари нима экани ва Тўқаев нега бу қарорга келгани ҳақида сўз боради.

8 дақиқа ўқиш4 533 кўришлар0 изоҳ7

Яқин Шарқ дунёнинг энг қайноқ нуқтаси. Аммо гап фақат иқлимда эмас. Турли динларга мансуб халқлар, этнос ва миллатлар учун ватан ҳисобланган бу минтақа қадимдан тамаддунлар тўқнашган нуқта ҳисобланади. Айниқса, Исроил ташкил этилганидан сўнг бу “рангбаранглик” янада ортди. Табиийки, асосини мусулмонлар ташкил этадиган минтақа юрагида яҳудийлар учун давлат қуриш ғояси маҳаллий аҳоли томонидан кескин норозилик билан қабул қилинди. Бу ҳозиргача тинмаётган, миллионлаб инсонларни ҳаётдан олиб кетган сон-саноқсиз уруш ва можароларга олиб келди.

Бироқ “Тинчлик президенти” сифатида ном қозонишга уринаётган Дональд Трамп бунда ўзи учун имконият кўрди. Унинг биринчи президентлик муддатида, аниқроғи 2020 йилнинг 15 сентябрь куни Яқин Шарқ сиёсатида кескин бурилиш юз берди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Баҳрайн Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатиб, Оқ уйда Иброҳим келишувларига (Аbraham Accords) имзо чекди. У томонлар ўртасида узоқ йиллардан бери давом этган душманона кайфиятга нуқта қўйиши ва минтақага тинчлик олиб келишига умид қилинган эд

Исроил, БАА ҳамда Баҳрайн вакиллари Оқ уйда Иброҳим келишувларини имзоламоқда
Фото: Аrab Centre Washington D.C.

Мазкур икки араб давлатидан сўнг бир неча фарқ билан Марокаш ва Судан ҳам Иброҳим келишувларига қўшилиб, яҳудий давлати билан муносабатларини нормаллаштирди. Томонлар бир-бирларининг пойтахтларида элчихоналар очиб, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйди. Қолаверса, хавфсизлик, савдо-иқтисодий ва технология каби соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Араб жамиятлари ўз ҳукуматларининг Исроилга нисбатан позициясидан норози бўлса-да, сиёсатчиларни бундай қадам ташлашга қатор омиллар ундади.

АҚШ федерал ҳукумати

Араб давлатлари, биринчи навбатда, Эроннинг ошиб бораётган таъсирида ўз суверенитети учун хавф кўриб, Исроил билан яқинлашиш сиёсатини танлади. Чунки бу, ўз-ўзидан, Ғарбга яқинлашиш бўлиб, Қўшма Штатларнинг хавфсизлик кафолатларини мустаҳкамлар эди.

Бундан ташқари, араб давлатлари Исроил билан тўлақонли муносабатга киришиш орқали манфаат олишни ҳам истар эди. Боиси яҳудий давлати ўзининг қудратли разведка тизими билан минтақа пойтахтларига ўз режимларини мустаҳкамлашга ёрдам бериши, Исроилнинг юқори технологияларга асосланган инклюзив иқтисоди эса молиявий манфаат олиб келиши мумкин эди. Келишув эса, ўз навбатида, стартаплар, энергетика ва сув технологиялари соҳаларида қўшма лойиҳаларга йўл очди.

Бортида БАА делегацияси бўлган самолёт илк бор Исроилга қўнди. 2020 йил.
Фото: AFP

Амирликлар мисолида оладиган бўлсак, Иброҳим келишувлари имзоланганидан сўнг БАА ҳамда Исроил савдо муносабатлари кескин ривожланди. Томонлар 2021 йил сентябрдан 2022 йил мартгача бўлган 18 ойда 2,5 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги товар ва хизматлар “олди-бердиси”ни амалга оширди. Тель-Авив ва Абу-Даби ўша йилнинг май ойида Кенг қамровли иқтисодий шериклик тўғрисида битимни (CEPA) имзолади. Натижада ўзаро савдо ҳажми янада ошиб, 2024-йилда 3,1 миллиард долларга етди. Аммо бу ҳаммаси эмас. Иброҳим келишувлари имзоланган 2020 йил сентябрдан 2023 йилга қадар Бирлашган Араб Амирликларига қарийб бир миллион исроиллик сайёҳ келган. Бу мамлакатнинг тахминан 10 фоиз аҳолиси дегани.

Худди шундай Баҳрайн ҳам Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштиришдан манфаат кўрди. Аммо унинг фойдаси иқтисодий эмас, балки сиёсий аспектда ўлчанади. Мамлакат Иброҳим келишувларига қўшилиш орқали Ғарб билан муносабатларини мустаҳкамлади. Баҳрайнинг бундай қадами, айниқса, АҚШга манзур келди. Боиси мамлакатда Қўшма Штатлар ҳарбий денгиз кучларининг 5-флоти базаси жойлашган бўлиб, бу Эрон ва унинг таъсиридаги гуруҳларга қарши хавфсизлик кафолати ҳисобланади. Бироқ ўзаро савдо ҳажми атиги бир неча миллион долларни ташкил этади.

Исроилнинг Баҳрайн қироллигидаги элчихонаси
Фото: Фото: The Economist

Марокашга келсак, у ҳам яҳудий давлатини тан олгани учун мукофотланди. Дональд Трамп маъмурияти мамлакатнинг Ғарбий Саҳройи Кабир устидан суверенитетини расман тан олди. Бу пойтахт Робот учун стратегик ютуқ бўлиб, Марокашнинг Шимолий Африка ва араб дунёсидаги мавқейини мустаҳкамлади. Қолаверса, тўғридан тўғри рейслар жорий этилиши натижасида туризм ҳам ривожланди. Биргина 2022 йилнинг ўзида тахминан 200 минг исроиллик сайёҳ Марокашга келди.

Аммо бу ҳаммаси эмас. Томонлар киберхавфсизлик, учувчисиз учиш қурилмалари каби соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Исроилнинг уруш жиноятларида айбланган Голани бригадаси аскарлари 2025 йили Марокашда бўлиб, халқаро машғулотларда қатнашди. Бу ҳақда Исроил ҳужумлари сабаб Ғазода 60 мингдан ортиқ фаластинлик қурбон бўлган эди. Шу боис Марокаш араб ва мусулмон дунёси бўйлаб кескин танқидларга учради.

Исроилнинг Голани бригадаси аскарлари Марокашда
Фото: Тармоқдан

Иброҳим келишувларига қўшилиб, бундан сиёсий ва иқтисодий манфаат олган давлатлардан фарқли, Суданнинг вазияти мураккаб эди. Қўшма Штатлар мамлакатга Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатишни таклиф қилиб, эвазига уни “терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар” рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди. Бу Судан учун халқаро молиявий ёрдам ва инвестициялар жалб қилиш йўлида асосий тўсиқлардан бўлиб турган эди.

Қолаверса, АҚШ Хартумга бевосита ёрдам ва қарзларни тўлашда кўмак ваъда қилган. Бу фуқаролар урушлари, давлат тўнтаришларидан азият чеккан мамлакат учун жуда муҳим эди. Бироқ Судан ушбу келишувдан манфаат кўрмади. 2021 йил октябрида амалга оширилган давлат тўнтариши ҳамда 2023 йилнинг апрель ойида бошланиб, ҳозирга қадар давом этаётган фуқаролар уруши барча иқтисодий ва дипломатик саъй-ҳаракатларни тўхтатиб қўйди.

Қўшма Штатлар. Қамчи ва конфет сиёсати

Ўзининг Оқ уйдаги биринчи муддати якунланиб борар экан, Дональд Трамп Исроил ва араб давлатларини яраштириш орқали бундан сайловолди кампаниясида фойдаланмоқчи эди. Шу боис Оқ уй дипломатик саъй-ҳаракатларга зўр берди. Минтақа пойтахтлари гоҳ дипломатик, молиявий ва ҳарбий ёрдам, гоҳ таҳдидлар ортидан Вашингтоннинг таклифига рози бўлди.

Иброҳим келишувларини имзолаган томонлар
Фото: Оқ уй

Оқ уй ўшанда келишув Яқин Шарқда “янги хавфсизлик архитектураси” шакллантириши, натижада Исроил ва араб давлатлари Эрон таъсирига қарши бирлашишига умид қилган эди. Бироқ Фаластин масаласи ҳануз очиқ қолаётгани учун келишувга ҳамма ҳам ижобий баҳо беравермайди. Аксар фаластинликлар эса, табиийки, мазкур битимни “ортдан урилган пичоқ” ва “хиёнат”, дея баҳолашади. Шу боис айрим экспертлар Иброҳим келишувларига минтақавий тинчлик эмас, балки сиёсий ва иқтисодий манфаатларга хизмат қиладиган битим сифатида қарашади.

Араб давлатларини бунга кўндиришда Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер катта рол ўйнади. У ўша вақтлар Оқ уйнинг Яқин Шарқ бўйича махсус маслаҳатчиси бўлиб, ушбу жараённинг асосий архитектори сифатида хизмат қилган. Кушнер 2019-2020 йиллар давомида Исроил, БАА, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар ва Иордания каби давлатларга кўплаб махфий ташрифлар амалга оширган. Унинг ҳаракатлари билан БАА ва Исроил ўртасидаги яширин музокаралар йўлга қўйилган, битим шартларини ишлаб чиқилиб, томонларнинг манфаатлари мувофиқлаштирилган.

Жаред Кушнер
Фото: Politico

Ўшанда Трамп Иброҳим келишувларини “Аср битими” сифатида таърифлаган бўлса ҳам, унинг навбатдаги президентлик сайловидаги мағлубиятидан сўнг жараёнга эътибор сусайди. 7 октябрь воқеаларидан сўнг эса бу мавзу кун тартибидан бутунлай тушди. Боиси Исроилнинг Ғазога ҳужумлари бутун дунё, хусусан Яқин Шарқ бўйлаб Исроилга нисбатан салбий қарашни кучайтириб юборди.

Бироқ октябрь бошида томонлар Дональд Трамп таклиф этган тинчлик режаси бўйича ўт очишни тўхтатишга рози бўлгач, Иброҳим келишувларини янги аъзолар ҳисобига кенгайтириш ҳақида муҳокамалар яна кун тартибига қайтди. Мазкур платформа аъзолари янги, бироқ умуман кутилмаган ўйинчи ҳисобига биттага ортди.

Қозоғистон ва Иброҳим келишувлари

Марказий Осиё етакчилари C5+1 форматининг навбатдаги саммити учун Қўшма Штатларга борган вақти кутилмаган воқеа юз берди. Дональд Трамп Қозоғистон Иброҳим келишувларига қўшилишга рози бўлганини расман маълум қилди. Эътиборлиси, Остона усиз ҳам Исроил билан дипломатик муносабатларга эга бўлиб, яҳудий давлатини 1992 йили тан олган. Қолаверса, Тель-Авив шаҳрида ўз элчихонасига эга.

Қозоғистоннинг Исроилдаги элчихонаси
Фото: Dreamstime.com

Шу боис Тўқаевнинг мазкур қарори дипломатик доиралар, айниқса жамоатчиликни ҳайрон қолдирди. Бироқ баъзи экспертлар бу шунчаки рамзий қадам бўлганини айтиб, Остона Иброҳим келишувларига қўшилиш орқали Қўшма Штатлар диққатини фаолроқ тортмоқчи бўлаётганини таъкидлашган.

“Бизнинг Иброҳим келишувларига қўшилиш қароримиз Қозоғистон ташқи сиёсатининг табиий ва мантиқий давомидир – бу сиёсат мулоқот, ўзаро ҳурмат ва минтақавий барқарорликка асосланган”, дейилади Қозоғистон ҳукумати томонидан эълон қилинган баёнотда.

​Қозоғистон қарийб 4 йилдан бери ўз қўшнисига қарши кенг кўламли уруш олиб бораётган Россия билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга эканини, қолаверса бутун минтақа бўйлаб Хитойнинг таъсири кескин ошаётганини ҳисобга олсак, Остона бу билан қайсидир маънода мувозанат шакллантирмоқчи бўлган, деб тахмин қилиш ҳам мумкин.

Атлантика Кенгаши Евросиё Маркази директори ёрдамчиси Эндрю ДъАниэри Вашингтонда жойлашган таҳлилий марказ учун ёзган мақоласида ушбу фаразни дастаклайди.

“Россия ва Хитой ўртасида қисилган Қозоғистон имкон қадар кўпроқ шерикларга эга бўлишни истайди, хусусан, Қўшма Штатлар ва Европа билан фаолроқ муносабатда бўлишни хоҳлайди”, дея ёзган у.

​Вашингтонда жойлашган Йорктаун институтининг Турон тадқиқот маркази директори Жозеф Эпштейннинг фикрича, бу рамзий ҳаракат бўлиб туюлса-да, келажакда дипломатик аҳамият касб этиши мумкин.

“Остонанинг Иброҳим келишувларига қўшилиш қарори янги босқичнинг бошланишини белгилаб беради. Шунингдек мазкур қадам платформани Яқин Шарқдаги тинчлик ташаббуси даражасидан бағрикенглик ва фаровонликка интилувчи мўтадил мусулмон давлатларининг АҚШга тарафдор коалициясига айлантиради”, деган у.

​Бироқ экспертлар орасида Иброҳим келишувларининг истиқболига шубҳа билан қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг фикрича, 7 октябрь воқеалари минтақани ўзгартирди. Исроил ва БАА дипломатик муносабатлар ўрнатишга келишган 2020-йили улар учун асосий хавф сифатида Эрон кўрилар эди.

Аммо сўнгги воқеалар, айниқса Исроилнинг Фаластин, Ливан, Сурия, Яман, Эрон ва ,айниқса, Қатарга ҳужумидан сўнг нигоҳлар ғарбга, аниқроғи яҳудий давлатига қаратилди. Ҳатто араб давлатлари Исроилга қарши НАТОга муқобил иттифоқ тузиш ташаббусини ҳам илгари сурди.

Исроилнинг Доҳага зарбаси оқибатлари
Фото: The Guardian

Қолаверса, Ғазо бўйича Дональд Трамп илгари сурган тинчлик келишуви ҳам омонат аҳволда турибди. Агар у қулаб, хунрезликлар яна бошланса, Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш ёки мавжуд алоқаларни кенгайтириш истагидаги субектлар сони кескин камаяди. Чунки энг авторитар режимлар ҳам, бу масалада жамоатчилик фикрини инобатга олишга мажбур бўлади.

Andijonlikman, Toshkentda yashayman. Oʻzbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetini tamomlaganman. “Daryo” tahririyatida 2024-yil noyabr oyidan buyon muxbir sifatida ishlayman va siyosiy, ijtimoiy hamda harbiy yoʻnalishlarga ixtisoslashgan materiallar tayyorlayman. “If qaʼlasining mahbusi” filmini miriqib tomosha qilaman. Lev Tolstoyning asarlarini, ayniqsa, “Urush va tinchlik”ni yoqtiraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар