Европа Иттифоқи (ЕИ) расмийлари Россия ва бошқа давлатларнинг дезинформациясига қарши курашиш учун Демократик барқарорлик марказини ташкил этади. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг ички ҳужжатига таяниб, The Guardian хабар берди.
Янги марказ ЕИ раҳбари Урсула фон дер Ляйен илгари сурган “Демократия қалқони” ташаббусининг бир қисми бўлади. Лойиҳа доирасида маълумот алмашинувини мувофиқлаштириш ва хорижий ҳукуматларнинг ахборотни манипуляция қилишга уринишлари ҳақида жамоатчиликни хабардор этиш режалаштирилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, Россия Украинадаги уруш билан бир қаторда Европага қарши гибрид ҳужумлар — ёлғон ахборот тарқатиш, манипуляция ва тарихий фактларни сохталаштириш каби усуллардан фаол фойдаланмоқда. Бу орқали Москва демократик тизимларга бўлган ишончни заифлаштиришга уринаётгани айтилади.
Марказ ЕИ мамлакатлари ва иттифоққа қўшилишни истаётган давлатлар экспертларини бирлаштиради. “Ҳамфикр ҳамкорлар” иштирокига ҳам рухсат берилиши мумкин, бу эса Буюк Британия ҳам марказ ишида қатнашиши мумкинлигини билдиради.
“Демократия қалқони” ташаббуси, шунингдек, сайловлар, соғлиқни сақлашдаги фавқулодда ҳолатлар ёки табиий офатлар пайтида дезинформацияга қарши курашувчи мустақил фактчекерлар тармоғини яратишни назарда тутади.
- Сўнгги йилларда Россия билан боғлиқ ўнлаб дезинформация кампаниялари аниқланган
Улар орасида “Қиёфадош” операцияси ҳам бор. Унинг доирасида Die Welt, Le Point, La Stampa ва Polskie Radio каби машҳур Европа оммавий ахборот воситаларидан нусха кўчирадиган сайтлар яратилган. Бу сайтлар Ғарбга қарши мазмундаги сохта материаллар нашр этиб келган.
Материаллар ижтимоий тармоқларда кенг ёйилиб, сиёсатчиларни обрўсизлантириш ҳамда Украина ва украиналик қочқинларга нисбатан жамоатчилик қўлловини камайтириш мақсадида ишлатилган.
- Ҳужжатда Хитойдан келаётган ахборот таҳдидлари ҳам тилга олинган
Еврокомиссия маълумотига кўра, Пекин ўз манфаатларига мос ахборотни тарқатиш учун хусусий PR компаниялари ва “таъсирли шахслар”дан фойдаланади. 2024-йилда Citizen Lab тадқиқотчилари Европа, Осиё ва Лотин Америкасининг 30 та давлатида Хитойдан ахборот агентликлари ниқоби остида ишлаган ва Пекинга қарши дезинформацияни эълон қилган 123 та сайтни аниқлаган.
Европа давлатларининг ички ишларига аралашув айниқса Руминия сайловларидан сўнг сезиларли бўлди. Натижалар Россия киберҳужумлари сабаб бекор қилинган. Аввалроқ Молдова ҳукумати ҳам Россиянинг сайловларга аралашуви ҳақида эълон қилиб, сайловчиларни сотиб олиш схемалари ва тарғибот кампанияларидан фойдаланганини таъкидлаган эди, деб эслатади The Guardian.
Демократик барқарорлик маркази ғояси илк бор Урсула фон дер Ляйен томонидан сентябрь ойида Европарламент депутатлари олдидаги нутқида илгари сурилган эди. Ташаббуснинг батафсил қоидалари 12 ноябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.








