Англиянинг “Кристал Пэлас” клуби ҳимоячиси Марк Гехи Мадриднинг “Реал” жамоасига ўтмайди. Бу ҳақда This is Anfield нашри хабар берди.
Манбанинг маълумотларига кўра, Гехи “Реал” вакилларига фаолиятини “Ливерпуль”да давом эттиришини билдирган ҳамда уларнинг таклифига рад жавобини берган. Шу билан бирга, ҳимоячи мерсисайдликлар раҳбариятига 2026 йил ёзида эркин агент сифатида “Ливерпуль” сафига ўтмоқчи эканлигини маълум қилган. “Кристал Пэлас” билан Гехи ўртасидаги амалдаги шартнома жорий мавсум якунига қадар амал қилади ва футболчи жамоа билан янги келишув имзоламайди.
Ёзги трансфер ойнаси вақтида Гехи “Ливерпуль”га ўтиши мумкин эди. Томонлар 35 миллион фунт стерлинг эвазига келишувга эришганди, аммо футболчи Лондон шаҳридаги “Кристал Пэлас” базасида тиббий кўрикдан ўтаётган пайтда клуб раҳбари Стив Париш битимни бекор қилган.
Аввалроқ ОАВларда “Реал”нинг Маркга жиддий қизиқиш билдираётгани ва унинг учун 30 миллион евро тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, ушбу мавсум 25 ёшли ҳимоячи барча мусобақалар доирасида жами 18 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва учта голли узатма қайд этган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.








