Қатар майдонларида бўлиб ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати “Ж” гуруҳи 1-туридан ўрин олган Ўзбекистон U-17 ҳамда Парагвай U-17 жамоалари ўртасидаги баҳс якунланди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган баҳсда Исломбек Исмоилов жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ҳисоб 25-дақиқада очилди. Азизбек Абдумўминов жарима майдончаси ташқаридан кучли зарба йўллаб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим якунида Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси иккинчи марта Парагвай дарвозасини ишғол қилди. Ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига узатиб берилган тўпни Абдумўминов хотиржам тарзда рақиб дарвозасига йўллади — 0:2.
Иккинчи бўлим ҳам қизиқарли ўтди. Ҳар икки жамоа навбатма-навбат рақиб дарвозаси олдида хавфли ҳужум уюштирди. Ўйин якунига яқин Парагвай ҳисобни биттага қисқартирди. Амирхон Муродов ўз жарима майдончаси ичида рақибга нисбатан қўпол ўйнади. VARни кўрган ҳакам 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Пенальтини Алан Ледесма аниқ амалга ошириб, таблодаги натижани 1:2 кўринишига келтирди.
Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади ва Ўзбекистон U-17 Жаҳон чемпионатининг илк турида ғалаба қозонди.
U-17 Жаҳон чемпионати
“Ж” гуруҳи
Парагвай U-17 — Ўзбекистон U-17 1:2
Голлар: 0:1 — Абдумўминов (25), 0:2 — Абдумўминов (45+2), 1:2 — Ледесма (88)








