Daryo

Актриса Риз Уизерспун туғруқдан кейинги депрессияни қандай енггани ҳақида сўзлаб берди

“Ҳеч ким бу ҳақда билмас, депрессия нима эканини тушунмас эди. Ўшанда мен ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилдим. Ёрдам сўрашдан уялдим, чунки одамлар мени кучсиз деб ўйлашидан қўрқардим”, дейди актриса.

2 дақиқа ўқиш8 478 кўришлар0 изоҳ2

Голливуд юлдузи Риз Уизерспун яқинда берган интервьюсида ҳаётининг энг оғир босқичларидан бири — туғруқдан кейинги депрессия билан қандай курашганини очиқчасига сўзлаб берди. Актрисанинг сўзларига кўра, у илк фарзанди Ава туғилганидан сўнг ўзини йўқотиб қўйган ва узоқ вақт бу ҳақда ҳеч кимга айтишга ботина олмаган, деб ёзади Daily Mail.

“Бу даҳшатли эди. Дастлабки олти ой давомида мен бир вақтнинг ўзида ҳам бахтли, ҳам тушкун ҳолатда эдим. Доим йиғлардим, тунлари ухламасдим, бутунлай ҳолдан тойгандим. Гормонал ўзгаришлар танамни буткул ўзгартириб юборган эди, буларнинг бари мени чуқур депрессия ботқоғига олиб борди”, дейди Уизерспун.

Актриса таъкидлашича, у аввалига бу ҳолатни вақтинчалик чарчоқ деб ўйлаган. Аммо фарзандини кўкрак билан овқатлантиришни тўхтатганидан сўнг, ҳолати яна оғирлашган. Шунда у бу аломатлар оддий стресс эмас, балки ҳақиқий депрессия эканини тушунган.

Риз Уизерспун ўз интервьюсида кўплаб аёллар сингари у ҳам бу муаммони ёлғиз енгишга мажбур бўлганини тан олди. Чунки ўша даврда бундай мавзулар ҳақида очиқ гапириш одат тусига кирмаган эди:

“Ҳеч ким бу ҳақда билмас, депрессия нима эканини тушунмас эди. Ўшанда мен ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилдим. Ёрдам сўрашдан уялдим, чунки одамлар мени кучсиз деб ўйлашидан қўрқардим,” дейди у.

Фото: Daily Mail

Уизерспуннинг айтишича, жамиятнинг ёш оналарга нисбатан босими ҳам бу жараённи янада оғирлаштирган:

“Ҳамма менга қандай бўлишим кераклиги ҳақида маслаҳатлар берар эди: қандай туғишим, қандай эмизишим, болани қандай парвариш қилишим... Буларнинг барчаси онанинг ўзига бўлган ишончини тушишига олиб келади. Ёш она бўлиш — жуда мураккаб синов. Бунинг эвазига инсонлар ёрдам қўлини чўзиш ҳақида ўйлаб кўрмайди”, дейди актриса.

Риз кейинчалик профессионал мутахассислардан ёрдам олганини ва ўз тажрибаси орқали бошқа аёлларга ҳам руҳий соғлиғига эътибор қаратиш кераклигини эслатмоқчи бўлганини айтади.

Бугунги кунда у аёлларни қўллаб-қувватлаш, руҳий саломатлик ҳақида очиқ гапиришни тарғиб қилувчи фаол инсон сифатида танилган. Актриса интервью якунида шундай деди:

“Биз аёллар кучлимиз, лекин баъзида кучли бўлиш учун ёрдам сўрашни ҳам билиш керак. Туғруқдан кейинги депрессия бу уяладиган нарса эмас, аксинча, бу тиббий ташхисдир. Уни ўз вақтида даволашнинг иложи бор”, дея якунлади Уизерспун.

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар