Ўзбекистон Суперлигаси 27-турида “Тошкент дербиси” номи остида кечган “Пахтакор” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. “Жар” стадионида кечган баҳсда “шерлар” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ Достонбек Ҳамдамов ҳисобни очди. Орадан олти дақиқа ўтиб, Камолиддин Тожиев жамоаси орадаги фарқни иккитага оширди — Ҳожиакбар Алижонов жарима майдончаси ташқарисидан кучли зарба бериб, ажойиб гол муаллифига айланди. Танаффус олдидан Иброҳим Иброҳимов ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди — 3:0.
Иккинчи бўлим бошларида “Бунёдкор” ўйинга қайтишга ҳаракат қилди. 51-дақиқада черногориялик футболчи Матия Кривокапич “қалдирғочлар”нинг биринчи голини урди, 57-дақиқада эса Темурхўжа Абдухолиқов ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди. Шунга қарамай, “Пахтакор” ўйинни ўз назоратида ушлаб турди. 90+5-дақиқада Ҳожимат Эркинов якуний нуқтани қўйиб, “шерлар”га 4:2 ҳисобида ғалаба келтирди.
Бу натижадан сўнг “Пахтакор” очколари сонини 55 тага етказди ва турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. 46 очкога эга “Бунёдкор” эса 5-поғонада жойлашган.
Ўзбекистон Суперлигаси
27-тур
“Пахтакор” — “Бунёдкор” 4:2
Голлар: 1:0 — Ҳамдамов (6), 2:0 — Алижонов (12), 3:0 — Иброҳимов (45), 3:1 — Кривокапич (52), 3:2 — Абдухолиқов (57), 4:2 — Эркинов (90+5)








