Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўзининг собиқ жамоаси “ПСЖ” билан “қироллик клуби” ўртасидаги фарқ нимада эканини айтиб ўтди.
“Булар бутунлай турли тарихга эга икки клублар ҳисобланади. “ПСЖ” нисбатан ёш жамоа, “Реал” эса узоқ йиллар давомида шаклланган, чуқур тарихга эга клуб. Маданиятлар ҳам бошқача. Шубҳасиз, “Реал Мадрид” — дунёдаги энг кучли клуб. Аммо “ПСЖ” ҳам энг зўр жамоалар қаторига киради. Улар футболга икки хил ёндашувни ифодалайди. “ПСЖ”нинг бир қисми бўлганимдан хурсандман, ҳозир эса “Реал” аъзоси сифатида бундан ҳам фахрланаман”, деди Мбаппе Marca нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, франциялик футболчи 2017–2024-йилларда “ПСЖ” шарафини ҳимоя қилган. Шу давр ичида у клуб тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб, 308 та ўйинда 256 та гол урган. Мбаппе 2024 йил ёзидан бери “Реал Мадрид” сафида тўп сурмоқда. Шу вақтгача у барча мусобақалар доирасида жами 72 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 60 та гол ёздириб қўйган.
Унинг “қироллик клуби” билан шартномаси 2029-йилининг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали Килианнинг қийматини 180 миллион еврога баҳолаган.








