Германиянинг Rheinmetall АГ мудофаа концерни Болгарияда артиллерия снарядлари ишлаб чиқарадиган завод қуриш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Rheinmetall Болгариянинг Сопот шаҳридаги Вазовский машинасозлик заводи (ВМЗ) билан шартнома имзолади. Икки корхона қўшма корхона ташкил этади, унинг 51 фоизи Германия томонига, 49 фоизи Болгарияга тегишли бўлади. Янги корхонага киритиладиган умумий сармоя ҳажми тахминан 1 миллиард еврони ташкил этиб, у 1000 га яқин иш ўрни яратади.
Завод ҳар йили тахминан 100 минг дона артиллерия снаряди, уларга мўлжалланган 150 минг дона жанговар заряд ҳамда 1 300 тонна порох ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш жараёни 2027-йилда йўлга қўйилиши режалаштирилган.
“Болгария ҳукумати имкониятларимизга ишонч билдиргани учун миннатдормиз. Янги заводнинг очилиши билан биз артиллерия ўқ-дорилари ишлаб чиқарувчиси сифатидаги етакчилик мавқейимизни янада мустаҳкамлаймиз ва Европа Иттифоқи ҳамда НАТОнинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз”, деди Rheinmetall бош директори Армин Паппергер.
Завод 155 мм калибрли снарядлар ишлаб чиқаради
“Биз Европанинг янада хавфсизроқ келажагини барпо этиш учун Германиянинг технологик тажрибаси ва Болгариянинг саноат салоҳиятини бирлаштирувчи ҳамкорлик пойдеворини қўймоқдамиз”, деди шартнома имзолаш маросимида Болгария бош вазири Росен Желязков.
Ҳужжатда қайд этилишича, завод 14 ой ичида қуриб битказилиши ва 155 миллиметрли калибрга эга снарядлар ишлаб чиқариши лозим.








