Daryo

Путин оилаларни серфарзанд бўлишга чақирди

Россия президенти ёшларни шароитга эмас, қадриятларга суянишга чақирди. У авваллари рус оилаларида ўнтагача бола бўлганини айтди.

2 дақиқа ўқиш2 044 кўришлар0 изоҳ2

Россия президенти Владимир Путин ёшларни ўқиш ва карьерага эътибор қаратиб, фарзанд кўришни “кейинроққа” қолдирмасликка чақирди. Сиёсатчи Кремльда демографик ва оилавий сиёсат бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Тhе Моscоw Times хабар берди.

“Биз одамларга оталик ва оналик бахт эканини, бахтни кечиктирмаслик кераклигини етказишимиз керак”, деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, давлатнинг вазифаси ёшларнинг ота-оналик бурчини ўқиш ва иш билан бирга олиб боришини таъминлашдир. Путин ҳозирда кундузги таълимда ўқиётган талаба қизлар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори ошганини эслатиб ўтди. Аксарият олий ўқув юртларида эса она ва бола хоналари очилган.

“Албатта, олий таълим тизимида бу борада қилинаётган барча ишларни рағбатлантириш керак. Аввало, олий, лекин ўрта таълимда ҳам”, деди Россия президенти.

У мамлакатда уч ва ундан ортиқ болали оилаларни одатий ҳолга айлантиришга чақирди. Бу масалада, президент фикрича, фуқароларнинг даромадлари эмас, балки “қадрият тизими” ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

“Бизнинг Россиядаги деҳқон оилалари Европанинг ўртача даромад даражасида яшаганми? Йўқ. Оилада эса 7-10 киши бўлган. Қадриятлар бутунлай бошқача, дунёқараш ўзгача эди”, деди Путин.

Шу билан бирга, у бола туғилиши масаласида одамларга босим ўтказмасликка чақирди, чунки бу “ҳар бир инсоннинг, ҳар бир оиланинг шахсий иши” эканини айтди.

“Бироқ умумий саъй-ҳаракатлар билан шунга эришишимиз керакки, аввало ёшлар оналик ва оталик бахтини чин дилдан истасин, фарзанд тарбияси орқали ўзини рўёбга чиқарсин”, дея хулоса қилди Путин.

Аввалроқ Россия минтақалари мактаб ўқувчиларига фарзанд кўргани учун тўлов жорий этишни бошлаганди. Айни пайтда бундай рағбатлантириш чоралари 12 та субъектда амал қилмоқда. Шунингдек, 40 дан ортиқ ҳудудда талаба қизлар учун ҳам шундай чоралар жорий этилди.

Туғилиш кўрсаткичи

Россия ҳукумати туғилиш кўрсаткичи 200 йил ичида энг паст даражага тушиши фонида уни оширишга ҳаракат қилмоқда. 2024-йили, “Росстат” маълумотларига кўра, 1,222 миллион чақалоқ дунёга келган. Бу 1999-йилдан бери минимал кўрсаткич. Бу 2023-йилга нисбатан 3,4 фоизга, 2014-йилга нисбатан эса учдан бир қисмдан кўпроққа камайган. 2025-йилнинг январь-март ойларида туғилганлар сони яна 11,5 минг нафарга камайиб, 288,8 минг нафарни ташкил этди. Шундан сўнг “Росстат” туғилганлар ва вафот этганлар сони бўйича батафсил маълумотларни эълон қилишни тўхтатди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар