Daryo

Бозорда пирожки ва чой сотган, профессионал спортчи ҳамда энг қиммат “келин саломчи” Шаҳло Зоирова 37 ёшда

“Ўзимни ўзим табриклайман. Иккинчи мутахассисликда 4 та фарзандим билан 4 йил ўқидим. Ҳаммага ҳам эмас”, дейди у.

9 дақиқа ўқиш4 754 кўришлар0 изоҳ24

Ҳозирда тўйларда келин салом ўтказувчи хонанда, актриса, ҳофизалар орасида Шаҳло Зоирова энг талабгири бўлишга улгурган. Биринчи мутахассислиги физик, инсонлар юзига доимо кулги улашувчи туғма актриса 21 октябрь куни 37 ёшни қаршилади. Шу муносабат унинг қийинчиликда ўтган болалиги ва ранг-баранг ижодий фаолиятига назар соламиз.

“Қўшниларимиз кўп ёрдам беришган”

Барчага Шаҳло Зоирова номи билан таниш бўлган актрисанинг ҳужжатдаги фамилияси Норова бўлиб, у 1988 йилнинг 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Оилада тўнғич фарзанд, бир нафар укаси ҳам бор.

Фото: Instagram

— Дадам ички ишлар ходими, онам эса ўқитувчи бўлган. Болаликда жуда шўх, ўғил болаларга хос характердаги қиз бўлганман. Шу билан бирга, мактабда ҳам фаолликни қўлдан бой бермаганман. Аълочи бўлганман, деёлмайман-у, аммо баҳоларим у қадар ёмон эмасди. Футбол ва баскетбол ўйнашни ёқтирардим. Ота-онам фақат ойликка рўзғор тебратадиган инсонлар бўлган. Молиявий жиҳатдан кўп қийналганмиз. Масалан, болалигимда онам оёқ кийимга пули етмай қийналган вақтида қўшниларимиз олиб берарди. Қўшниларим “Ол Шаҳло, бу сенга, кийиб юравер”, дерди. Онам кўз ёш қилиб, “Сизга бунинг пулини қандай қайтариб берамиз”, деганларида қўшниларимиз “олаверинг, бу қизингизга”, деб ҳаттоки пулини ҳам сўрамас эди. Ҳозир энди шунақа вазият бўлдики, улғайганимдан сўнг уларнинг тўйларида бир сўм пул олмасдан, беминнат хизмат қиламан. “Менга пулингиз керак эмас, ўшанда бизга жуда кўп яхшилик қилгансиз, кўксимиздан итармагансиз”, дея уларнинг қайсики яхши куни бўлса, холажон, тоғажон дея хизматларида бўламан. Бу ҳаётда ҳеч нарса бесабаб бўлмас экан. Ўтган кунларимга беҳисоб шукрлар қиламан, дейди актриса интервьюларининг бирида.

“Чойчи қиз”нинг ўғриликда айбланиши

Шаҳло Зоирова 2018 йили берган интервьюсида синфдошлари орасида ўғриликда айблангани ва бу ҳолат унинг руҳий ҳолатига таъсир қилгани ҳақида ҳам сўзлаб берган.

Фото: Instagram

— Иккинчи синфга ўтган йилим кундалик дафтар олиб беришга имкониятлари бўлмади. Роса хафа бўлдим, чунки аввал кундалик дафтар тутмаганимиз учун синфдошларим бир-бирига кундаликларини мақтанишарди. Онам “Олиб бераман, озгина сабр қил”, деб юпатди. Бир куни мактабдан қайтаётиб, бекатда биздан уч-тўрт синф катта болаларнинг автобус ҳайдовчиларига елим идишларга солинган чой сотишаётганини кўриб қолдим. Автобус жойидан қўзғалгач, улар хурсанд бўлиб пулларини санашарди. Ўша куниёқ уйга келиб, “баклажка”ларни йиғиб, ювдим. Уйдагиларга билдирмай, чой дамлаб, идишларга қуйдим. Мактабга кетиш вақти бекатда туриб, келган автобус ҳайдовчисига чойни кўрсатдим. Қарангки, уч-тўрт кун ўтмай савдойим юришиб кетди. Кундалик дафтар сотиб олиб, роса ўртоқларимга мақтандим. Аммо 10 кунлардан кейин синфдошларимдан бирининг папкасидан онаси “нонга” деб берган пул йўқолди. Ҳамма папкалар текширилганда, меникидан уч-тўрт кунлик чойларнинг пуллари чиқди. Турган гапки, бунча пулни ҳеч ким боласига бермайди, оиламиздаги моддий қийинчиликлардан эса ўқитувчимизнинг хабари бор эди. Ўшанда ноҳақликка чидолмай, сиримни фош этишимга тўғри келган. Ҳайдовчилар “чойчи қиз”ни танишлари, менга пул беришларини айтишгач, гумондорлар рўйхатидан ўчирилгандим, деганди Шаҳло Зоирова.

“Отам қатъий талаб қўйганди”

Шаҳло Зоирова ҳамиша санъатга қизиққан. Аммо оилавий муҳити сабаб бирор марта қизиқишлари ҳақида атрофдагиларга айтолмаган. Отаси ҳарбий бўлишини истагани ва югуриш мусобақаларида ғолиб бўлгани ҳақида қуйидагиларни айтади.

Фото: Instagram

— Болаликдан рақс тушишга, қўшиқ айтишга қизиқардим. Мактаб тадбирларида ҳам бош ролларни бошқаларга ишонмасдим. Аммо дадам санъаткор бўлишимни истамади, “Ҳуқуқшунос ёки ҳарбий бўлишинг шарт!” деган талабни қўйди. Онам эса барибир менга ён босиб, тадбирларда иштирок этаётганимни дадамга айтмади. Академик лицейни тамомлаб, Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширдим. Аммо бор-йўғи 8 балл етмай, талабалар сафига қабул қилинмадим. Бу хабарни эшитган дадам “Тадбирма-тадбир юришнинг оқибати шундай бўлади”, деб дакки берди. Апрель ойида Олий ҳарбий божхона институтига ҳужжат топширдим, икки уринишда ҳам омад кулиб боқмади. Ундан кейин Ички ишлар академиясига ҳужжат топшириб, жисмоний имтиҳонлардан яхши натижа кўрсатдим-у, тестдан йиқилдим. Енгилган курашга тўймас деганларидек, шу орада корейс тилини ҳам ўрганиб, таржимонлик қилиш истаги пайдо бўлди. Бир йил ўтиб, яна университетга ҳужжат топширдим. Аммо бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Абитуриентлардан бири физика факультетига кам ҳужжат топширилганини айтгани учун ҳеч иккиланмай, шу йўналишда омадимни синаб кўрдим.

Бир куни уй телефонимиз жиринглаб: “Шаҳло Зоированинг уйими?” деб сўрашди. Онам “Яна бир балони бошладингми?” дегандек, менга қараб қўйди. “Биз Ўзбекистон Миллий университетидан безовта қиляпмиз. Қизингиз биринчи ўринда бюджетга қабул қилинди. Шу сабаб бир соатда университетга келиши ва телевидение учун интервью беришини сўрашяпти”, дейишди. Онам ҳўнграб йиғлаб юборди ва мени маҳкам бағрига босди. Уйимиз олдида кичик дўкон очгандик, ўша куни бор нарсасини ўтган-кетган маҳалладошларга тарқатиб, суюнчи олди, дейди Шаҳло Зоирова.

“Пора бераман, ўқишга кирсам бўлди”

Актриса институтга кириш учун пора таклиф қилмоқчи бўлган, аммо ўша йили омади келиб, “Физика” факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинган.

Фото: Instagram

— Ҳаётда яхши яшаш учун интилиш, кимнингдир кўмагини кутиб яшаш керакмаслигини эрта тушунганман. Шу боис ҳаракатни анча эрта бошлаганман. Институтга кириш учун бир неча бор уринганман, аммо уч йил омад кулиб боқмаган. Ўқишга киролмаган йилим аёллар сумкаси сотадиган дўкон билан келишиб, савдо билан шуғулланишга қарор қилганман. Савдодан икки минг АҚШ долларини йиғиб, бу йил пул бериб бўлса ҳам ўқишга кираман, деб аҳд қилгандим. Аммо ўша йили омадим келиб, Ўзбекистон Миллий университетининг “Физика” факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинганман. Икки минг доллар ҳам ёнимга қолган, дейди Шаҳло Зоирова.

“Бозорда пирожки сотганман”

Шаҳло Зоирова катта фарзанд сифатида оиласига моддий ёрдам беришга мажбур бўлган. У ҳатто автобусга пул тополмагани учун талабалик йилларини ётоқхонада ўтказган.

Фото: Instagram

— Ёшлигимдан оилавий қийинчиликларга кўникканман. 9-синфдалигимда онам менга ширин чойга нон тўғраб берарди. Мен кичкина бола эмасман-ку деб айтолмасдим. Отам ҳам, онам ҳам ишсиз қолганларида ўқиб, ишлаб, оиламни боқишга ҳаракат қилганман. Университетда ўқиб юрган вақтларимда, ҳадеб ётоқхонада туравераманми деб 3-4 та қизлар билан ижарада турганман квартирада. Бир куни хонадон эгаси уйида йўқолган нарсасини “сен олгансан, сен ўғирлагансан” деб туҳмат қилган. Шундан кейин уйга кетаман деб кўчада йиғлаб, уйқусираб ухлаб қолганман, дейди актриса эслайди актриса.

У бозорларда пирожки сотган, фаррошлик қилган, официантликдан кассирликка ўтган. Бу жараёнлар Шаҳлони меҳнатсевар аёлга айлантирган.

“Sparkʼда киракашлик қилганман”

Ижодда ҳам ўғил болаларга хос феъл-атвор эгаси эканлиги сезиладиган Шаҳло Зоирова талабалик пайтида киракашлик қилишга мажбур бўлганини қуйидагича изоҳлайди.

Фото: Instagram

— Бюджет асосида ўқишга қабул қилинган бўлсам ҳам университетга бориш, тушлик учун ҳам пул керак эди. Мен ўқияпман, деб ота-онамдан пул олишни истамаганман. Шу боис ўқишга кириш учун мўлжаллаган 2 минг долларга ойлик тўлов эвазига Spark олганман. Дарсдан кейин киракашлик қилардим. У пайтда аёл таксичилар жуда кам эди. Ўқишдан чиққандан кейин кечгача таксичилик қилиб, ойма-ой машинанинг тўловини тўлардим. Ҳозир ўйлаб қарасам, ҳамма нарсага улгурганман. Чунки ўша пайтда ўқишдан кейин, ҚВЗга қатнардим, ундан ортиб киракашлик ҳам қилардим, дейди Зоирова.

“Халқаро спорт мусобақаларида иштирок этганман”

Шаҳло Зоирова ҚВЗ жамоасида иштирок этишдан аввал спорт билан жиддий шуғуллангани ва хориж мусобақаларида ҳам иштирок этганини қуйидагича эслайди.

Фото: Instagram

— Астрономия йўналишида ўқиганман. Бу соҳа мен учун қизиқ эди. Аммо аниқ фанларда жуда қийналардим, ижтимоий-сиёсий фанлар ўтиладиган кун мен учун байрам эди. Ўқиш бошланган кун факултетимиз деканининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича муовини олдига кириб, ўзимни таништирганман. Тадбирларни ўтказишда ёрдам беришимни айтгандим. Кўп ўтмай, факультет миқёсида “Қизлар давраси” танлови ўтказилди. Унда ғолиб бўлиб, университет миқёсида иштирок этдим. Сўнг пойтахтдаги олий ўқув юрти қизлари билан беллашдим ва мутлақ ғолиб бўлиб, танлов ҳомийлари кўмагида талаба қизлар ўртасида ўтказиладиган халқаро “Мисс Европа” кўрик-танловида қатнашдим. Қўл жанги бўйича Озарбайжонда, кросс югуриш бўйича Москвада ўтказилган талабалар мусобақасида совринли ўринларни қўлга киритганман, деганди Шаҳло Зоирова.

Санъатга қўйилган қадам

Шаҳло Зоирова қандай қилиб санъат соҳасига кириб қолганини ҳам сўзлаб берган.

Фото: Instagram

— Университет миқёсида “Қувноқлар ва зукколар” танлови ташкил этилганда, факултетимиз номидан иштирок этганман. Аммо ғолиб бўлолмаганмиз. Бир ойлардан кейин ҚВЗда юқори балл тўплаган талабалар университетнинг “Шоввозлар” терма жамоасига қабул қилинаётгани ҳақида эшитиб қолганман. Ўқув хонасида бўлаётган репетицияларини кўриш учун эшик ортида туриб, уларни кузатганман. Кейин жамоа сардори Бекзод Комилжоновдан “Менга ҳам рол беролмайсизларми?” деб сўраганман. Жамоада бирорта қиз йўқлиги учун бу гапимни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган. Кейин мени синаб кўриш учун кичик рол беришган, дейди актриса.

Ҳаммаси эпизод ролдан бошланган

Шаҳло Зоирова аввалига “Шоввозлар” ундан кейин “Миллион” жамоасида иштирок этишни бошлаган. Аммо қанчалик иқтидорли бўлмасин, унга анча вақтгача эпизод роллардан бошқасини ишониб топширишмаган.

Масалан, комик актриса Дилфуза Исмоилованинг “Оҳ, юрак” клипида раққоса сифатида иштирок этган. Аммо бир гуруҳ қизлар орасида унинг бор-йўқлиги ҳам сезилмаган.

2011 йили Жавлон Шодмонов режиссёрлигида суратга олинган “Ўхшатмасдан учратмас” фильмида ҳам эпизод роллардан бирини ижро этган. Аммо ижодкорнинг бу фильмдаги ролини ҳам томошабинлар деярли пайқамаган. Ҳозирги кунда эса актрисанинг клип ёки фильмдаги кичик роллари ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлади.

“Биринчи учрашувда турмуш ўртоғимга қўшиқ айтиб берганман”

Шаҳло Зоированинг турмушга чиққанига 12 йил бўлди. У турмуш ўртоғининг доимий қўллаб-қувватлови сабаб санъат соҳасида ўз йўлини топа олди.

Фото: Instagram

— Мени машҳур бўлиш орзум учун қўллаб-қувватлаган инсон — турмуш ўртоғим. “Сенинг орзуларинг кўп экан, лекин ҳаммаси аста-секин бўлади”, деган. Менга продюсерлик қилган ҳам айнан у. Биринчи учрашувимизда қўшиқ айтиб берганман. “Роса кўп қобилиятларинг бор экан, буни ҳаммасини кўрсатиш керак”, деган турмуш ўртоғим.

Қайнонамни биринчи кўрганимда роса ўзимга ўхшатганман. Бизни кўрганлар ҳам менга “роса онангизга ўхшар экансиз-а деганида, қайнонам бўлади” деб айтардим, дейди актриса.

Актриса нима сабабдан турмуш ўртоғини оммага кўрсатмайди?

Шаҳло Зоирова касби тақозоси билан доим омма эътиборида эканлиги ҳақида гапирди. Машҳурлик билан бирга келадиган муҳокамалар, нотўғри талқинлар Шаҳлони ҳеч қачон тушкунликка солмаган. У бу ҳолатларни тушуниб, сабр билан қарши олганини айтади:

Фото: Instagram

— Эрталаб чиройли кийиниб чиқамиз, кечга бориб бош оғриб қолади. Турмуш ўртоғим “камроқ одамлар орасига чиқайлик, биз ҳаддан ортиқ чиройли оила кўринамиз. Назар, кўз деган нарса бор” дейди.

Барибир таниқли бўлсангиз, сизни муҳокама қилишади. Баъзан бир оғиз сўзимни тескари талқин қилишади. Оиламни, турмуш ўртоғимни кўрсатмаслигим ҳам сабаб бўлади. Лекин мен ўзимдан яхши энергия тарқатишга ҳаракат қиламан. Муҳокама қилишларига ҳожат қолмасин, дейман, дейди у.

“Браво”ни ҳам тарк этиб, даромади ўсди

Фото: Instagram

Шаҳло Зоированинг танилишида “Миллион” жамоасининг ҳиссаси катта. Аммо 2018 йилга келиб, у бир гуруҳ ҳамкасблари билан бирга жамоани тарк этиб, “Браво”га асос солишди. Актриса тўрт йилдан сўнг бу жамоани ҳам тарк этди. Аммо ҳалигача нега жамоадан кетганини очиқлагани йўқ. Айни кунларда актриса ижод билан эмас, кўпроқ тўй хизматларида фаол. У яқин орада бирорта ижодий лойиҳада суратга тушгани йўқ.

Дарвоқе, Шаҳло Зоирова бугунги кундаги энг қиммат келин салом ўтказувчи хонанда ҳисобланади. Унинг Тошкент шаҳридаги тўйхоналарга бориши 400 доллардан, хонадонларга бориб салом ўтказиб бериши 600 АҚШ долларидан бошланади. Актриса тўрт фарзандидан ортиб, бир кунда 4-5 та хизматга боришга ва энг креатив видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлашга ҳам вақт топади.

Шаҳло Зоирова энди олий маълумотли актриса 

Шаҳло Зоирова энг катта орзуларидан бири — санъат олийгоҳида ўқиб, мутахассис дипломини қўлга киритишга 37 ёшида эришди.

— Бир пайтлар 3 йиллаб имтиҳон топшириб, ўқишга киролмай ҳамма нарсадан умидини узган Шаҳлохонимнинг қўлида ҳозир 2 та диплом, алҳамдулиллоҳ. Азизларим, ҳеч қачон кеч эмас, илтимос, тўхтаманг. Ҳаммага, айниқса ЎзДСМИ ва ЎзМУдаги устозларимга мингдан минг раҳмат айтаман. Ўзимни ўзим табриклайман. 4 та фарзандим билан 4 йил ўқидим. Ҳаммага ҳам эмас, дея ёзиб қолдирган у.

Актриса бу йилги туғилган кунида “Муқимий” театрида янги қўшиғи премераси ва унинг саҳна кўринишини тақдим этди.

Toshkentdanman. Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili va adabiyoti universitetining O‘zbek tili fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2024-yildan beri Layfstayl bo‘limida muxbir lavozimida ishlayman va maqolalar hamda videomateriallar tayyorlayman. Har yili ispan kinoijodkorlari tomonidan suratga olingan “Невидимый гость” (“Ko‘rinmas mehmon”) filmni kamida ikki marta qayta tomosha qilaman. Imom al-Buxoriy haqidagi “Sohilsiz dengiz” kitobi yoqadi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар

“Браво”дан кетиб, даромади ошган, институтга кириш учун пул тўплаган ва Spark’да киракашлик қилган Шаҳло Зоирова 36 ёшда (фото, видео)

“Браво”дан кетиб, даромади ошган, институтга кириш учун пул тўплаган ва Spark’да киракашлик қилган Шаҳло Зоирова 36 ёшда (фото, видео)

22-Октабр 2024, 14:10

Instagram: Онасини табриклаган Шаҳло Зоирова, рус қизига уйланган Liil Хуррамов,  рафиқасига қимматбаҳо автомобиль совға қилган Илҳом Фармонов

Instagram: Онасини табриклаган Шаҳло Зоирова, рус қизига уйланган Liil Хуррамов, рафиқасига қимматбаҳо автомобиль совға қилган Илҳом Фармонов

24-Август, 12:59

Instagram: Поездда концерт берган Муниса Ризаева, тўйга чиқаётган Марям Тиллаева, Шаҳло Салаеванинг турмуш ўртоғига сюрпризи

Instagram: Поездда концерт берган Муниса Ризаева, тўйга чиқаётган Марям Тиллаева, Шаҳло Салаеванинг турмуш ўртоғига сюрпризи

18-Август, 11:55

Instagram: Самарқандда ўтган дабдабали келинсалом, қувончли кунини Балида нишонлаган “Уммон”чи Шоҳрух, отасини хотирлаган Райҳон Уласенова

Instagram: Самарқандда ўтган дабдабали келинсалом, қувончли кунини Балида нишонлаган “Уммон”чи Шоҳрух, отасини хотирлаган Райҳон Уласенова

17-Август, 11:55

Instagram: Аббосбек Файзуллаев хонадонида тўй, самолётда концерт берган машҳурлар, “Телба” фильмидаги ҳашаматли ҳовли сотувга қўйилди

Instagram: Аббосбек Файзуллаев хонадонида тўй, самолётда концерт берган машҳурлар, “Телба” фильмидаги ҳашаматли ҳовли сотувга қўйилди

6-Июл, 11:13

“Президент ҳақида ҳазил қилмайман”. Тўйлардаги “қиммат” бошловчи, спорт шарҳловчиси ва муваффақиятли тадбиркор Даврон Кабулов 39 ёшда (фото, видео)

“Президент ҳақида ҳазил қилмайман”. Тўйлардаги “қиммат” бошловчи, спорт шарҳловчиси ва муваффақиятли тадбиркор Даврон Кабулов 39 ёшда (фото, видео)

17-Июн, 16:52

“Асли касбим ракетасозлик, режиссёрлик эса шунчаки хобби” — Отабек Мирзахолов нима учун драма жанрида фильмлар олмаслиги ва тадбиркорликда омади келмагани ҳақида

“Асли касбим ракетасозлик, режиссёрлик эса шунчаки хобби” — Отабек Мирзахолов нима учун драма жанрида фильмлар олмаслиги ва тадбиркорликда омади келмагани ҳақида

30-Апрел, 13:25

Кўчадан олинаётган мавзулар, таркибдаги янги актриса ва АҚШдан келган хонанда — “Миллион”нинг янги концерти қандай ўтяпти?

Кўчадан олинаётган мавзулар, таркибдаги янги актриса ва АҚШдан келган хонанда — “Миллион”нинг янги концерти қандай ўтяпти?

4-Апрел, 21:50