Daryo

Покистонда 450 дан ортиқ афғон мигрант ҳибсга олинди

Исломобод ва Кобул ўртасидаги сўнгги қуролли тўқнашувлардан сўнг, Покистонда афғонларга қарши рейд бошланди. Ҳибсга олинганлар ватанига депортация қилиниши режалаштирилмоқда.

1 дақиқа ўқиш2 378 кўришлар0 изоҳ0

Покистоннинг Панжоб провинциясига қарашли Файсалобод шаҳрида полиция 448 нафар афғон мигрантни қўлга олди. Маҳаллий расмийлар эндиликда бу шаҳарда афғон фуқаролари қолмаганини таъкидламоқда.

Исломобод полицияси ҳам 17 нафар афғонистонликни ҳибсга олиб, уларни Торхам чегара пункти орқали ватанга қайтариш режалаштирилаётганини маълум қилган. Покистон ҳукумати ҳозирда мамлакатдаги ноқонуний афғон муҳожирларига қарши кенг кўламли операция ўтказмоқда. Бу ҳаракатлар Панжоб, Исломобод, Лаҳор ва Файсалободда олиб борилмоқда. Мақсад – ҳужжатсиз муҳожирларни аниқлаб, уларни ортга ватанига депортация қилиш.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари афғон оилаларини аниқлашда геолокация тизимидан фойдаланилаётгани, шунингдек, шубҳали шахсларнинг шахсий гувоҳномалари текширилаётганини билдирган. Лаҳор расмийлари эса сохта ҳужжатлардан фойдаланувчиларга қарши қатъий чоралар кўрилишини айтмоқда.

Покистоннинг миллий маълумотлар базаси идораси (NDRА) афғон мигрантларининг оила аъзолари ҳақида маълумотларни текширишда ёрдам бермоқда. Чунки айрим афғон оилалари ўн йиллаб Покистонда яшаб келган ва шу вақт ичида маҳаллий ID-карталарни қўлга киритган. Расмийларнинг қайд этишича, ҳатто вақтинчалик яшаш рухсатномасига эга бўлганлар ёки афғон фуқаролигини билдирувчи ҳужжати борлар ҳам ортга қайтарилади.

Икки мамлакат ўртасида яқинда юз берган тўқнашувлардан сўнг Покистон ҳукумати барча афғон муҳожирларини чиқариб юборишга қарор қилган. Мамлакат бўйлаб афғонлар лагерлари ёпилиши, Покистон-Афғонистон чегарасида эса қўшимча чиқиш пунктлари ташкил этилиши белгиланган.

Расмий маълумотларга кўра, 16 октябрга қадар 1,47 миллиондан ортиқ афғон Покистондан чиқариб юборилган. Эндиликда фақат амал қилаётган Покистон визасига эга бўлганларгина мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар