Daryo

АҚШ Украинага 25 та Patriot ҳаво мудофаа тизимини етказиб беради

Икки мамлакат ўртасида шартнома тузилмоқда. Ушбу турдаги техника Москванинг Киевга қўллаётган баллистик ракеталарига қарши энг самарали ҳимоя саналади. Уларнинг ҳар бири 1 млрд долларга баҳоланади.

1 дақиқа ўқиш1 897 кўришлар0 изоҳ1

Украина президенти Владимир Зеленский Киев ва Вашингтон 25 та Patriot ҳаво мудофаа тизими борасида шартнома тузаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Politico хабар берди.

Зеленскийга кўра, бу тизимлар Россия қўллаётган баллистик ракеталарга қарши энг самарали ҳимоя саналади. Бироқ тизимларни етказиб бериш йиллаб давом этиши мумкин — чунки ушбу техника учун навбатда турган бошқа харидорлар ҳам мавжуд.

“Ҳамма гап ишлаб чиқаришдаги навбатда. Биз ушбу 25 та тизимни йиллар давомида, ҳар йили ҳар хил миқдорда оламиз. Оқ уй истисно тариқасида навбатни ўзгартириши мумкин”, деган Зеленский.

Унинг айтишича, баъзи Европа давлатлари ўз буюртмаларидан воз кечиб, мавжуд Patriot батареяларини Украинага юбориши мумкин.

“Агар ҳамма биргаликда ҳаракат қилса ва хоҳиш бўлса, Оқ уй Европадаги мавжуд АҚШ тизимларини Украинага юборишда ёрдам бериши мумкин”, деган президент.

Зеленскийнинг айтишича, ҳар бир Patriot тизимининг нархи қарийб 1 миллиард долларни ташкил этади. Айни пайтда, Украина молиявий жиҳатдан анча чекланган. Киев ушбу харажатларни Россиянинг Европада музлатилган активлари ҳисобидан молиялаштирилаётган 140 миллиард евролик компенсация кредити орқали қоплашга умид қилмоқда. Бироқ бу режа ҳали тасдиқланмаган.

Президентга кўра, молиялаштиришнинг бошқа йўллари ҳам бор. Украина ҳозиргача 28 та давлат билан хавфсизлик бўйича икки томонлама битимлар имзолаган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, маблағ ажратиш ва бўнак тўловларини амалга ошириш имконияти мавжуд.

Яна бир вариант — НАТОнинг Prioritized Ukraine Requirements List ташаббуси бўлиб, бу орқали иттифоқчилар АҚШдан қурол сотиб олиб, Украинага юбориши мумкин. Бироқ Зеленский таъкидлаганидек, Трамп даврида АҚШ ҳарбий ёрдами анча секинлашган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар