Daryo

Кичик ҳаракатнинг катта таъсири: ҲАМАС энди тарихда қоладими?

ҲАМАС охирги икки йил энг кўп тилга олинган сўзлардан бири бўлди. Гап мазкур ташкилот ҳақида кетганда, дунё ҳамжамияти иккига бўлинади: баъзилар уни террорчи ташкилот деб билса, бошқалар озодлик ҳаракати сифатида тан олади. Фаластин қуролли ҳаракати Исроил билан икки йил кураш олиб борди. Мазкур мақолада ҲАМАС тарихи, Ғазода бошқарувни қандай қўлга олгани, Эрон ва Қатар билан алоқалари, шунингдек, келгуси тақдири ҳақида сўз боради.

12 дақиқа ўқиш1 942 кўришлар0 изоҳ10

ҲАМАС охирги икки йил энг кўп тилга олинган сўзлардан бири бўлди. Гап мазкур ташкилот ҳақида кетганда, дунё ҳамжамияти иккига бўлинади: баъзилар уни террорчи ташкилот деб билса, бошқалар озодлик ҳаракати сифатида тан олади. Фаластин қуролли ҳаракати Исроил билан икки йил кураш олиб борди. Қуйидаги мақолада ҲАМАС тарихи, Ғазода бошқарувни қандай қўлга олгани, Эрон ва Қатар билан алоқалари, шунингдек келгуси тақдири ҳақида сўз боради.

2023 йил 7 октябрь воқеалари домино эффектини ишга тушириб, минтақада кучлар мувозанатини ўзгартирди. Бу урушлар, суиқасдлар ва ҳатто ҳокимиятлар алмашинувига туртки бериб, сиёсий муносабатларнинг глобал архитектурасини ҳам бузиб юборди. Мана шу жараёнларнинг ортида кичик ҳудудда примитив сиёсий институтларни жорий қилган, фаолиятининг катта қисмини ташқи ёрдам ҳисобига амалга оширадиган ҲАМАС ҳаракати турган эди. У оғир қуроллар ва жиддий иттифоқчиларга эга бўлмай туриб, Исроил ва уни қўлловчи Коллектив Ғарбга қарши икки йил туриб берди.

BBC

ҲАМАС ҳаракати фаластинликлар Исроил босқинига қарши қўзғалонга кўтарилган 1987-йили, яъни Биринчи Интифада пайтида тузилган бўлса-да, ташкилот қарийб юз йиллик тарихга эга. Бошқача айтганда, у қуролли ҳаракат сифатида Ғазони назоратга олгунга қадар бир неча эволюция босқичларидан ўтди.

Фаластин қуролли ҳаракатининг ўқ илдизи “Мусулмон биродарлар” ташкилотига бориб тақалади. У 1928-йили мисрлик ўқитувчи Ҳасан ал-Банна томонидан Синай яриморолида ташкил этилган. Ташкилот Ғарб колониализмига қарши курашни мақсад қилган эди. 1940-йилларга келиб улар томонидан қурилган мактаблар, касалхоналар, корхоналар ва масжидларнинг бутун бир тармоғи фаолият кўрсатарди. “Мусулмон биродарлар” ўз номига мувофиқ халқларни ислом мафкураси орқали бирлаштиришни, ҳукумат ишларини эса шариат қонунларига мувофиқ олиб боришни хоҳлар эди.

Ташкилот Фаластин заминида яҳудийлар учун давлат қуриш ғоясига қарши чиқди. Шу боис биринчи Араб-Исроил уруши бошланган 1948-йилда унинг тахминан 10 000 нафар аъзоси кўнгилли сифатида жангларда қатнашди. Кураш қуролли ҳаракатлар якунлангандан кейин ҳам иш ташлашлар, норозилик намойишлари шаклида давом этди. Миср Ғазони назорат қилган 1949–1967-йиллар давомида уларнинг Фаластиндаги таъсири сезиларли даражада ортди. Бироқ “Олти кунлик уруш” барчасини ўзгартирди. Яҳудийлар Иорданиядан Ғарбий Соҳилни, Мисрдан эса Ғазони тортиб олиб, ўз бошқарувини ўрнатди.

Ташкилот пойдевори

Исроил оккупацияси сабаб “Мусулмон биродарлар” ташкилотининг Ғазодаги аъзолари ва Мисрдаги вакиллари ўртасида алоқа узилди. Шунга қарамай, фаластинликлар курашни давом эттирди. 1967-йили кучли таъсир доирасига эга диний уламо Шайх Аҳмад Ёсин Мужаммаҳ ал-Исломия деб номланган хайрия ташкилотини тузди. У ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлар ва талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш билан халқ орасида катта обрў қозонди. Вақт ўтиши билан ташкилот ўз мактаблари, клиникалари ва мадрасаларини очди. Бу орқали Ғазода исломий қадриятларни мустаҳкамлаш ва диний ўзлик асосида тараққиётга эришиш ғоялари тарғиб қилинди.

1978-йили Шайх Ёсин Мужаммаҳ ал-Исломияъни нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлди. Исроил ҳукумати бунга атайин йўл қўйиб берди. Боиси улар Шайх Ёсиннинг тарафдорлари орқали секуляр асосларга суянувчи Фаластин озодлик ташкилотини заифлаштирмоқчи эди.

ҲАМАСга эврилиш

Фаластин озодлик ташкилоти Исроил билан низолашаётган бир вақтда Мужаммаҳ ал-Исломия мактаблар, шифохоналар ва масжидлар тармоғини қурди. Ғазо Ислом университети ҳам айнан уларнинг маблағлари ҳисобидан барпо этилди. Бироқ “тинч кураш” узоқ давом этмади. 1984-йили Исроил аскарлари ташкилот тасарруфидаги масжидлардан бирига рейд уюштириб, қурол-яроғ топилганини даъво қилишди. Натижада Шайх Ёсин ҳибсга олинди. Бироқ орадан бир йил ўтиб асирлар алмашинуви доирасида озодликка чиқарилди.

1987-йили Мужаммаҳ ал-Исломияни қуролли кураш бошлашга ундаган воқеа содир бўлди. Исроил ишғолига нисбатан норозилик ва ўсиб бораётган ғазаб фаластинликларни исёнга кўтарди. Биринчи Интифада деб номланган оммавий тартибсизликлар ва норозилик намойишлари Ғарбий Соҳилни, шунингдек Ғазо секторини қамраб олди.

Шу кунга қадар тинч фаолият билан шуғулланиб келган Шайх Ёсин бўлаётган жараёнларни ватан озодлиги учун жиҳод деб атаб, қуролли курашни рағбатлантирди. Унинг қўллови билан Мужаммаҳ ал-Исломия асосида ҳарбий бўлинма тузилди. Бироқ янги ташкил этилган қуролли қанот алоҳида фаолият юрита бошлади. Бундан мақсад ташкилотнинг хайрия фаолиятини сақлаб қолиш эди. ҲАМАС шу тариқа майдонга кириб келди.

Ташкилот аввалбошидан Исроилга қарши муросасиз куч сифатида ном қозонди. Жумладан, у Фаластин озодлик ташкилоти ва Исроил ўртасидаги 1993-йилги Осло келишувларини қоралади. Бу билан кифояланмай, бир қанча ҳудудларда ҳужумлар уюштирди. Бунга сабаб ҲАМАС Исроилнинг мавжудлигини тан олмас, қолаверса келишув шартларни фаластинликлар учун адолатсиз деб билар эди. Худди шу вақтлардан ҲАМАС портловчи мосламалардан фойдалана бошлади. Бунда уларга муҳандислик факултети битирувчиси Яҳё Айяш ёрдам берди.

BBC

Осло келишувлари Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги ижтимоий вазифаларнинг бир қанчаси Фаластин маъмурияти номли автоном тузилма зиммасига ўтишини, у эса кейинчалик демократик йўл билан сайланадиган ҳукуматга айланишини кўзда тутар эди. Бироқ режага нафақат Фаластин, балки Исроилда ҳам қаршилар кўп эди. 1995-йили яҳудий давлатининг ўша вақтлардаги бош вазири Йитзҳак Рабин бир талаба томонидан отиб ўлдирилди.

Йитзҳак Рабин ўрнига келган Шимон Перес Осло келишувларини давом эттиришга қарор қилди. Фаластин озодлик ташкилоти ҳам бунга ижобий жавоб қайтарди. Ҳар иккиси мулоқот жараёнлари билан овора бўлган бир вақтда ҲАМАС ўз эътиборини куч тўплашга қаратди. Ташкилот етакчилари вақти-вақти билан Теҳронга қатнайдиган бўлиб қолди. Айни шу пайтларда ўйинга Эрон ҳам қўшилди. Яқин Шарқнинг қудратли давлатларидан бири ҲАМАСни молиялаштириб, яширин каналлар орқали қурол-яроғ етказиб беришни бошлади. Қолаверса, ташкилот аъзолари форс инструкторлари томонидан тайёргарликдан ўтказилди. ҲАМАС шу тариқа қудратли ҳомий топди. Қолаверса, ташқи ўйинчилар билан дипломатик муносабатлар ўрнатди.

ҲАМАС Ғазони назоратга олди

Осло келишувларидан сўнг халқаро ёрдамнинг асосий қисмини Ёсир Арофат ва унинг маъмурияти орқали етказиб бериш бошланди. 1993-2006-йиллар оралиғида Қўшма Штатлар бу мақсад учун 2,2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган. ҲАМАС эса, асталик билан куч тўплаётганига қарамай, ҳали Фаластин озодлик ташкилотига чақириқ ташлай оладиган даражада эмасди. Аммо аср бошидаги воқеалар буни ўзгартирди.

1990-йилларнинг охирига келиб Фаластин томони Исроилни Осло келишувларида белгиланган мажбуриятларни бажармасликда айблади. Таранглик алал-оқибат 2000-йили Иккинчи Интифаданинг бошланишига олиб келди. ҲАМАС Фаластин маъмуриятининг ҳарбий қаноти ҳисобланган Фатҳ каби гуруҳлар билан бирга курашга қўшилди. Бунга жавобан, Исроил армияси “Ҳимоя қалқони” амалиётини бошлади. Натижада Фаластин маъмурияти заифлашди. Бундан ҳосил бўлган сиёсий бўшлиқни ҲАМАС тўлдирди.

Аслини олганда, ҲАМАС ҳам жиддий талафотларга учради. Масалан, 2002-йили унинг ҳарбий қаноти раҳбари ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди. 2004-йили эса ҳаракатнинг асосчиси ва маънавий раҳбари ҳам сафдан чиқарилди. Болалигидан ногиронлар аравачасида ҳаракатланган Шайх Аҳмад Ёсин бомдод намозидан қайтаётган вақти нишонга олинди. Шунга қарамай, улар ўз бошқарув тузилмаси ва жанговар салоҳиятини сақлаб қолди. 2005-йилга келиб Исроил Ғазодан қўшинларини олиб чиқиб кетди.

2006 йил Фаластин озодлик ташкилоти учун оғир келди. Ёсир Арофатдек машҳур лидердан ажралган, Исроил билан жангларда қақшатқич талафот кўрган маъмурият сайловларни ҳам бой берди. ҲАМАС жами 132 ўриндан 74 тасини қўлга киритди. Орадан бир йил ўтиб сиёсий бўлиниш юз берди. ҲАМАС Ғазо назорати учун қуролли курашда Фатҳ ҳаракатини мағлуб этиб, ўз бошқарувини ўрнатди.

Бунга жавобан Исроил ва Миср Ғазо секторига қамал жорий қилди. Улар бу ҳаракатни хавфсизлик, жумладан қурол-яроғ контрабандасининг олдини олиш нияти билан изоҳлади. Аммо бу каби чекловлар анклав аҳолисининг турмуш даражасини кескин тушириб юборди. Блокада сабаб иқтисодий фаолият сусайди. Натижада ишсизлик даражаси қарийб 50 фоизга етди. Бу эса БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг гуманитар ёрдамига қарамликни оширди. Қолаверса, ғазоликлар Исроил, Ғарбий Соҳил ёки Мисрга эркин чиқиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Бу эса улар учун иш, таълим ва даволаниш кабиларни мураккаблаштирди.

Чекловлар нафақат аҳоли, балки ҳудудни бевосита назорат қилаётган ҲАМАСга ҳам таъсир қилди. Аммо ҳаракат яшаб қолишнинг ноодатий йўлларини топди. Бунда туннеллар Ғазони ташқи дунё билан боғловчи артерия вазифасини бажарди. Анклавнинг Миср, баъзан ҳатто Исроил билан чегарасидан ўтган ер ости йўлакларидан контрабанда орқали деярли ҳамма нарса, жумладан озиқ-овқат, ёқилғи, қурилиш материаллари, тамаки ва энг муҳими, қурол-яроғ ташилди. Улардан баъзилари автомобильда ҳаракатланса бўладиган даражада йирик эди. Шу боис бу туннелларни норасмий доираларда Ғазо метроси деб аташган.

BBC

Исроил ва Миср расмийлари уларни йўқ қилиш учун мунтазам уриниб келган. Ҳатто бунга қисман эришган ҳам. Бироқ туннелларнинг мураккаб тузилиши ҳамда ер остида анча чуқур жойлашганлиги бу ишни тўла якунлашга имкон бермаган.

Бироқ биргина туннелларнинг ўзи билан ҳам ижтимоий масъулиятни бажариш, ҳам ташкилот аъзолари таъминлашдек қиммат вазифаларни уддалаб бўлмас эди. Бу борада ҲАМАСга Эрон ва Қатар томонидан кўрсатилган молиявий ёрдам қўл келди. Қолаверса, улар ўз фаолиятини ички солиқлар ҳисобидан ҳам молиялаштирди.

ҲАМАС ўз эҳтиёжи учун зарур қурол-яроғларнинг кичик қисмини контрабанда орқали қўлга киритди. Бироқ улар кичик партия бўлиб, бутун ташкилотни таъминлашга етмас эди. Шу боис ер ости устахоналари қурилиб, уларда ўқотар қуроллар, миномёт снарядлари ҳамда ракеталарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жараёнда металл қувурлар, қишлоқ хўжалиги учун кимёвий бирикмалар ва ҳатто шакар каби маҳсулотлардан фойдаланилди. ҲАМАС шу тариқа ўз ракета арсеналини шакллантирди.

Фаластин қуролли ҳаракати бу билан кифояланмай, учувчисиз учиш воситаларига ҳам эътибор қаратди. Ушбу мақсадни рўёбга чиқаришда уларга тунислик ҳарбий муҳандис Муҳаммад Зуворий ёрдам берди. У 2006-йилдан бошлаб ҲАМАС билан ҳамкорлик ўрнатди. Муҳандис томонидан ишлаб чиқилган “Абабеел1” дрони Исроил билан 2014-йилги урушда қўлланилди. Бироқ Зуворийнинг ўзи узоқ яшамади. 2016-йили уни Тунисда отиб кетишди. ҲАМАС суиқасд ортида Моссад турганини даъво қилди.

ҲАМАС ташкил этилганидан бошлаб Исроил билан бир неча ҳарбий можароларга борди. Бироқ ҳар сафар ўзини тўла маҳв этилишдан сақлаб қолди. Бунга уларнинг ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун ер ости туннеллар тармоғига эга экани асосий сабабдир. Қолаверса, улар Моссаднинг технологик устунлигини инобатга олиб, коммуникациянинг нисбатан примитив усулларини жорий қилди. Бу эса, ўз навбатида, ташкилот раҳбарларини, умуман олганда, бутун фаолият кўламини яширишга ёрдам берди.

7 октябрь воқеалари

2023 йил, кузнинг иккинчи ойи. ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум қилди. Бу кутилмаганда амалга оширилгани боис кўпчиликни эсанкиратиб қўйди. Тартибсизликлар натижасида мингдан ортиқ инсонлар ҳалок бўлди. Яҳудий давлати бўлиб ўтган воқеалардан сиёсий кредит сифатида фойдаланиб, ҳаводан бомбардимон кампанияси, кейинроқ эса қуруқлик босқини бошлади. Анклав тўлиқ қамалга олиниб, озиқ-овқат, тиббий ашёлар ва ҳатто ичимлик суви олиб кириш тақиқланди.

Оғир ҳарбий қуроллар ва ҳаво мудофаасига эга бўлмагани боис ҲАМАС партизанлик уруши тактикасига таянди. Кичик бўлинмаларга асосланган эластик мудофаани ташкил этиб, шу орқали кураш олиб борди. Яъни Исроил ва Фаластин ташкилоти ўртасида муайян фронт йўқ эди. ҲАМАС жангчиларига портловчи мосламалар билан тузоқлар қўйиш, пистирма қўл келди.

BBC

Бироқ можаро анклав учун оғриқли оқибатларни олиб келди. Ғазодаги биноларнинг аксарияти вайрон қилинди. Тинч аҳолидан эса қарийб 70 минг қурбон берилди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Бироқ бу фақат тасдиқланган рақамлар бўлиб, йўқотишларнинг асл кўлами анча йирик бўлиши мумкин.

ҲАМАСнинг маҳв этилган етакчилари

Исроил билан уруш ҲАМАСга қанча талафот етказгани номаълум. Аммо уларнинг аксар етакчилари суиқасдлар ва ҳаво зарбалари нишонига тушди. Дастлабки қурбон Солиҳ ал-Аарурий бўлди. У 2023-йили Исроил ҳаво кучлари томонидан ташкилотнинг Ливандаги офисига ҳаво ҳужуми вақти ҳалок бўлди. Ал-Қассам ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Деиф навбатдаги қурбон эди. Исроил кучлари у 2024-йилнинг 13 июль куни Ғазонинг Ал-Маваси ҳудуди яқинида ўлдирилганини даъво қилиб чиқди. ҲАМАС аввалига мазкур иддаони рад этиб, кейинчалик тасдиқлади.

Яҳудий давлати бу билан тўхтаб қолмади. Эрон президенти Пезешкиённинг иннаугурацияси учун Теҳронга борган ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания сирли тарзда ўлдирилди. Исроил суиқасд учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган бўлса-да, қотиллик ортида Моссад жосуслари тургани ҳақида даъволар кенг тарқалди. Эрон расмийлари мамлакат суверенитети бузилишига жавобан қатъий чоралар кўрилишини айтди. Бироқ таҳдидлар амалга кўчмай, риторика даражасида қолди.

Исмоил Ҳаниянинг ўлимидан сўнг ҲАМАС бошқаруви қаттиққўл ва харизматик раҳбар Яҳё Синвар назоратига ўтди. Исроил кучлари уни ўлдиришга бир неча бор уринган бўлса-да, бунинг уддасидан чиқа олмаган эди. Бироқ 2024-йилнинг 16 октябрь куни исроилликлар ниятларига етишди.

Рафаҳнинг Тал ас-Султон маҳалласи яқинида патрул олиб бораётган 828-Бисламач бригадаси аскарлари бинодан чиқиб келаётган уч кишига ўт очишди. Улардан бири яқин атрофдаги иморатга кириб паналанди. Исроилликлар бу ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар эканини билмас эди. У Исроил аскарларидан бирини оғир яралаб, бошқаларини чекинишга мажбур қилди.

Натижада исроилликлар вазиятни ўрганиш учун учувчисиз учиш қурилмасидан фойдаланди. Яраланган, юзи яширилган Яҳё Синвар қурилмага таёқ отиб, бу билан уни уриб туширмоқчи бўлди. Кейинчалик Синвар жойлашган бинога танкдан ўт очилди.

Reuters

Унинг ўлимидан сўнг, ҲАМАС бошқаруви беш кишилик Кенгашга ўтди. Исроил манбаларига кўра, унга Синварнинг собиқ ўринбосари Халил ал-Ҳайя раҳбарлик қилмоқда. Ташкилотнинг янги етакчиси анча йиллардан бери Қатарда яшаб, Исроил билан билвосита музокараларга раҳбарлик қилиб келган.

Халил ал-Ҳайядан ташқари, Кенгаш таркибида чет элдаги Фаластин жамоалари билан алоқалар бўлими раҳбари Холид Машъал, Ғарбий Соҳилнинг сургундаги раҳбари Заҳер Жабарин, Шуро Кенгаши раҳбари Муҳаммад Дарвиш ва кимлиги номаълум бешинчи шахс ҳам бор. Уларнинг барчаси Қатар ёки Туркияда истиқомат қилмоқда.

Қатарга ҳужум

Яқин Шарқнинг кичик, аммо нефтьга бой мамлакати ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги музокараларга воситачилик қилиб келади. Шунга қарамай, яҳудий давлати 2025-йилнинг сентябрь ойида пойтахт Доҳага зарба берди. Бундан мақсад ҲАМАСнинг Ал-Ҳайя каби етакчиларини ўлдириш эди. Зарба натижасида ташкилотнинг беш нафар аъзоси ва Қатар хавфсизлик хизматининг бир нафар ходими ҳалок бўлди. Аммо ҲАМАС етакчилари бу вақтда бинода бўлмагани учун тирик қолишди.

Орадан бир ой ўтиб, АҚШ президенти Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича 20 бандлик режасини эълон қилди. Томонлар унинг биринчи босқичи бўйича келишувга эришиб, асирлар алмашинувини олиб борди. Бироқ омонат сулҳ узоқ яшамаслигидан хавотирлар бор. Боиси Исроил ҲАМАС томонидан қайтарилган жасадлар бошқа эканини айтиб, ташкилотни келишув шартларини бажармасликда айблади. ҲАМАС эса вайроналар остидан жасадларни чиқариб олиш учун вақт кераклигини маълум қилди.

ҲАМАС энди йўқми?

Шайх Аҳмад Ёсин томонидан 1967-йили асос солинган, илдизи 1928-йилги “Мусулмон биродарлар” ташкилотига бориб тақаладиган ҲАМАС йиллар давомида шаклланиб, бир неча босқичларни босиб ўтди. Гоҳ дипломатия, гоҳ қурол кучи билан Ғазони назоратга олиб, ўз кун тартибини шакллантирди. Қолаверса, “Ҳизбуллоҳ” икки ой, Эрон эса 12 кун аранг туриб берган Исроил билан икки йил жанг қилди. Эътиборлиси, ташкилот буни ҳар томондан қамал қилинган шароитда олиб борди.

Бироқ АҚШ президенти томонидан илгари сурилган келишув ҲАМАС тарқатиб юборилишини, Г ʼазо назорати эса халқаро ташкилотга ўтишини кўзда тутади. Ҳаракат етакчилари қуролларни топшириш масаласида бир-бирига зид баёнотлар берди. Аммо келишувга кафил томон сифатида жалб этилган Туркия, Қатар ва Миср ҲАМАСни бунга кўндириши мумкин. Агар бу юз берган тақдирда, ташкилот ўз мавжудлигини тўхтатади. Лекин яқинларидан айрилган, икки йиллик можаро вақти турли хўрликларни бошдан кечирган ёш авлод уни мафкураси сифатида ўзи билан олиб юради.

Тошкентданман. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаганман. 20 йилдан бери журналистика соҳасидаман. “Дарё”да 2022 йилдан бери ишлайман. Ҳозирда Таҳлил ва таржима бўлми бошлиғиман. Ёқтирган киноим: "Баламут". Китоблардан эса Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари ёқади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар