АҚШ ҳукумати фалолиятининг тўхтатилиши сабаб тахминан 46 минг нафар ҳарбий техник ходимлар маош ололмаяпти. Улар Миллий Гвардия ва бошқа захира кучларининг доимий ходимлари бўлиб, улардан ҳарбий талабларни бажариш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда УСА Today хабар берди.
Ушбу техниклар самолёт ва вертолётларни таъмирлаш, технологик ёрдам кўрсатиш, қурол-аслаҳаларни тузатиш каби муҳим вазифаларни бажаради. Мамлакат президенти Дональд Трамп фаол ҳарбийларга маош тўлаш учун 6,5 миллиард доллар ажратишни буюрган бўлса-да, айни пайтда ушбу техниклар ҳукумат шатдауни сабабли иш ҳақисиз қолмоқда.
Улар кўпинча фаол ҳарбийлар билан бирга бир хил ишларни бажаради, лекин маош ва имтиёзлари фарқ қилади. Масалан, улар ҳарбий суғурта тизимидан фойдалана олмайди, шунингдек, махсус таълим имтиёзлари ва ногиронлик нафақалари каби хизматлардан четлатилган.
Миллий Гвардиянинг собиқ генерал-маёри Френсис МакГин бу ҳолат адолатсиз ва Гвардиянинг жанговар тайёргарлигига зарар етказиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда. Техникларнинг кўплаб вазифалари — масалан, қутқарув операциялари ёки табиий офатларга тезкор жавоб бериш — уларнинг ёрдамисиз амалга ошмайди. Ҳарбий техник ходимлар касаба уюшмаси раҳбари Лес Ҳакет ҳам ушбу ҳолатни танқид қилиб, уларнинг меҳнати қадрсизланаётганини таъкидлаган.
Мутахассислар муаммони ҳал қилиш учун Конгрессдан давомий бюджет режасини қабул қилиб, мудофаа харажатларини тўлиқ молиялаштиришни талаб қилмоқда. Бу ҳарбий техникларга тўлиқ маош тўланишини ва Миллий Гвардиянинг тайёргарлик даражасини сақлаб қолишни таъминлаш имконини беради.








