Daryo

Амитабҳ Баччан 83 ёшда: Парламент депутати бўлган, бир ўлимдан қолган, бедаво касалликдан азият чекадиган актёрнинг ҳаёт йўли

11 октябрь куни ҳинд киносининг тирик афсонаси — Амитабҳ Баччан 83 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан унинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.

7 дақиқа ўқиш4 144 кўришлар0 изоҳ4

11 октябрь куни ҳинд киносининг тирик афсонаси — Амитабҳ Баччан 83 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан унинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.

Машҳур ҳинд шоири Хариваншрая Баччаннинг ўғли Амитабҳ 1942 йил 11 октябрда Ҳиндистоннинг Оллоҳобод шаҳрида туғилган. У дастлабки таълимни Шервуд мактабида олади, сўнгра Калкуттадаги юк ташиш фирмасида брокерлик ишини ташлаб, 1968-йилда Бомбейга кўчиб ўтади. Бу ерда уни ўз ўрнини топиш учун кураш кутиб турар эди.

Айни шу йилларда Ҳиндистон мустақилликка эришганидан 25 йил ўтиб, мамлакат ёшларининг ҳафсаласи пир бўлганди. Коррупция, ишсизлик, оғир ҳаёт — буларнинг бари курашишни талаб қилар эди.

1973-йилда “Занжир” фильми намойиш этилади, унда қонунни ўз қўлига олган ва ёвузликка қарши курашган қаҳрамонни одамлар худди ўзларининг қутқарувчиси сифатида кўради. Картинада бош рол — полиция ходими Вижай Ханнани ўйнаган актёр келишган, узун бўйли Амитабҳ Баччан эди.

Қизиғи шундаки, у ўзининг ажойиб овози билан Бутун Ҳиндистон радиоси томонидан рад этилган ва ҳатто биринчи фильмларидан бири “Решма ва Шера”да бошқанинг овози билан ўйнаган. Кўплаб муваффақияцизликлардан сўнг Амитабҳ ҳатто актёрлик карьерасидан воз кечишни ҳам ўйлаб кўрган вақтда унинг ҳаётида “Занжир” жангари фильми пайдо бўлади.

Ундан олдин Ришикеш Мукержи режиссёрлик қилган “Ананда” (1970) ва “Ношукур” (1973) ёки “Савдогар” (1973) фильмларида иштирок этади. Аммо “Занжир” бутун ҳаётини ўзгартириб юборади.

Баланд бўйли, қотмадан келган Амитабҳ янги жанг қаҳрамонининг тимсолига айланади. Ражеш Ханна ва Дҳармендра каби ҳамкасблари романтик ролларни ижро этган бўлса, Амитабҳ ҳинд киноларининг “жиддий ва забардаст йигити” эди. Буларнинг барчаси 1970-йилларнинг ўрталарида, мамлакатдаги иқтисодий вазият беқарор бўлган пайтда юз беради.

Ҳозирда Болливуд классикаси ҳисобланган “Девор” (1975) фильмида у Шаши Капур ўйнаган ҳалол полициячидан фарқли ўлароқ, мафия бошлиғи ролини ижро этади. Бу жангари фильмда одамларга қонунга бўйсунувчи акасидан кўра кўпроқ ҳамдард бўлишга муваффақ бўлган Амитабҳ навбатдаги ажойиб чиқишини қилади.

Amitabh Bachchan - Upperstall.com

Филмлардаги Баччан образи кўпинча икки турдаги аёллар билан ҳамкорлик қилган: биринчиси, содда ва анъанавий она, кўпинча Нирупа Рой ўйнаган. Иккинчиси, Зийнат Аман, Парвин Баби ёки Рекҳа тимсолидаги эркинликни севувчи қиз. Амитабҳ филмографиясига Яш Чопра фильмларидан, масалан, “Севги — бу ҳаёт” ёки Манмохан Десайнинг “Амар, Акбар, Антони”, “Тарбия”, “Тақдир” каби оддий комедияларидаги романтик роллар ҳам киритилган. Актёр ҳамма картинада ўз ролларини энг юқори амплуада ўйнаб келган.

1982-йилда Баччан Манмохан Десайнинг “Ҳаммол” фильмида суратга тушаётганда ҳаётига хавф туғдирадиган даражада жароҳат олади. Актёр клиник ўлимдан омон қолган бўлса-да, оёққа тургунча бир қатор операцияларни бошидан кечиради. Бутун мамлакат умидсизликка тушади, унинг ҳаёти учун кўп дуо ва ибодатлар қилинади.

Актёрнинг тирик қолиши учун 200 дан ортиқ донорлар қон топширади. Фильм чиққач, у жиддий жароҳат олган саҳна бир неча сония давомида тўхтатилиб, ушбу саҳна актёрнинг ҳаётига хавф туғдиргани айтилади. Бундан ташқари, Десай ҳам асл сценарий бўйича уни авж нуқтасида ўлдирмасликка қарор қилган эди. Айтиш керакки, картина кассада катта ютуққа эришади.

1984-йилда, карьерасининг айни авжида Амитабҳ Баччан сиёсатда ҳам ўзини синаб кўришга қарор қилади. Индира Ганди, Рожив Ганди ва Неру оиласи аъзолари билан бўлган яқин алоқаларини айтмаса ҳам, машҳурлиги туфайли туғилган шаҳри — Оллоҳобод аҳолисининг кўпчилиги уни парламентга сайлайди.

Аммо Баччаннинг сиёсатга аралашуви узоқ давом этмади — у баъзи жанжалларга, жумладан, мамлакатни ларзага солган Бофорс қуроллари ишига алоқадор эди. Натижада у ҳеч қачон сиёсатга аралашмасликка ваъда бериб, парламентдаги курсисидан воз кечади.

Кинода у Болливуддаги ижодини 1980-йилларда давом эттиради. Кейин у “Оловли йўл” фильмидаги ўғри роли учун Миллий мукофот олади (1990). Бироқ 90-йилларнинг бошларида “Яхши дўстлар” (1991) ва “Худо гувоҳ” (1992) филмлари намойишидан сўнг танаффусга чиқади. Муваффақиятли тижорат қаҳрамони сифатида унинг карераси бир оз муддатга тўхтаб қолади.

Орадан беш йил ўтгач, Баччан “Ўлим фариштаси” (1997) билан яна кинога қайтишга уринади, аммо энди ҳаммаси олдингидек эмасди. Бундан ташқари, унинг ABCL компанияси Бангалорда бўлиб ўтган “Дунё гўзали” тадбирини нотўғри бошқарганлиги сабабли қарзга ботиб қолади ва бу пулларнинг ҳаммасини Амитабҳ Баччан тўлайди.

Аммо кейин унинг ҳаётида ажойиб бурилиш юз беради. Оммабоп “Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?” ток-шоуси бошловчиси ролини нафақат қойилмақом тарзда ижро этади, балки ёш авлод билан ҳам ишлашни ёқтириб қолади.

Амитабҳ Чарли Чаплин ва Лоуренс Оливье каби буюклар қаторида минг йиллик юлдуз сифатида тан олинган. Шунингдек, Баччаннинг Лондондаги Мадам Тюссо музейида абадийлаштирилган биринчи мум ҳайкали пайдо бўлади. 2001 йил 26 январда ҳинд кино санъатига қўшган ҳиссаси учун нуфузли “Падма Бхушан” мукофоти билан тақдирланади.

Шундан сўнг Амитабҳ ҳинд киносининг энг банд актёрларидан бирига айланди, ҳаттоки унга махсус роллар ёзилади. Болливудда у фақат қаҳрамон-ота ролини ўйнар ва бу унинг учун катта ютуқ эди.

Баччан “Севги ва хиёнат” (2003), “Бурч ҳаммасидан устун ” (2004), “Мураббий” (2004), “Банти ва Бабли” (2005), “Шунчаки севгига ишонма” (2007), “Севги рецепти: шакарсиз!” ва “Бекорчилик қурбони” (2007) каби ҳар қандай сценарийни осонликча ўзлаштира олишини ва ўйнаган ҳар бир ролини ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатади.

Оиласи

Амитабҳ Баччаннинг катта қизи Швета ўзини онаси сингари оила ва болаларга бағишлади ва кинодаги карьера унга тегишли эмаслигини англаб етди. У машҳур актёр Раж Капурнинг набираси Никхил Нанда билан турмуш қурган, жуфтликнинг икки нафар фарзанди бор эди. Лекин Шветанинг никоҳи узоқ давом этмади ва 2020-йилда ажрашиш учун судга ариза топширди.

Шветанинг қизи Наве Навели жуда чиройли бўлгани учун ҳам кино оламида ажойиб карьерага эга бўлиши кутилган эди, лекин қиз АҚШда реклама бизнеси билан шуғулланади.

“Мен қизимни актриса бўлмасликка кўндирдим. Бу борада унга катта босим ўтказдим ва жиддий ёндашдим. Шунчаки болалигимдан Болливуд жуда кўп муаммоларга дуч келадиган қийин жой эканлигини биламан ва бу ерда карьерани шакллантириш осон иш эмас”, дейди Швета Баччан.

​

Шунингдек, Амитабҳнинг набираси, яъни Шветанинг ўғли Агастя 2019-йилда Буюк Британияда ўрта мактабни тугатган ва у ҳам актёр бўлиш ниятида.

Амитабҳ Баччаннинг ўғли Абҳишек — таниқли актёр, Filmfare’нинг “Энг яхши иккинчи даражали актёр” мукофотининг уч карра ғолиби. У отасининг ташқи кўриниши ва истеъдодини мерос қилиб олди, экранда турли ролларда пайдо бўлди. Айниқса, салбий одамларнинг ролларида ижобийдан кўра яхшироқ муваффақият қозонди. Маълум бўлишича, актёр узоқ вақт давомида Каришма Капур билан яқин муносабатда бўлган ва улар турмуш қуришга қарор қилган. Лекин тўсатдан машҳур актриса ҳамда гўзалликда бошқа юлдузлардан кам бўлмаган Айшвария Рай билан танишиб қолди.

Amitabh Bachchan agrees son Abhishek Bachchan is a 'victim of nepotism  negativity' - Celebrity - Images

“Қачонлигини билмайман, лекин мен уни ягона эканлигини англаб етдим. Очиғини айтганда, у бошқача эди ва мен доим унга нисбатан ниманидир ҳис қилардим. Агар унга ҳам шу савол берилса, худди шундай жавоб қайтаради”, дейди Абҳишек .

​Юлдузли жуфтлик тўй кунини белгилади: лекин орада келишмовчиликлар пайдо бўлди. “Ҳақиқий туйғулар” фильмининг иккинчи қисмини суратга олиш пайтида Ритик Рошан ва Айшвария иштирок этган саҳналарнинг бири учун ғазабланган ҳинд томошабинлари уларни судга берди. Айшвариянинг бўлажак қайнонаси ҳам ўғлидан тўйни тўхтатишни талаб қилади. Аммо Абҳишек бунга рози бўлмади ва тўй бўлиб ўтди. Айшвария ва Абҳишекнинг ҳозирда қизи бор, унинг исми Аарадя ва у худди отасининг ўзгинаси — Баччанлар оиласининг энг кичиги ва суюклиси.

Амитабҳ ва унинг рафиқаси Жая қарийб 50 йилдан буён бирга яшаб келмоқда. Уларнинг катта, дўстона ва бахтли оиласи бор. Баччанларнинг айтишича, ҳар бир муваффақиятли эркак ортида уни қўллаб-қувватлайдиган аёл туради. Амитабҳ Баччаннинг рафиқаси Жая Бхадури турмуш ўртоғи ва болаларини бахтли қилиш учун ҳамма нарсани қилди. Баччаннинг ижодий таржимайи ҳоли деярли 300 та фильмни ташкил қилади. Актёрларнинг кўпчилиги йиллар давомида ёшликдаги машҳурлигини сақлаб қолишида рафиқасининг хизмати катта, албатта.

Амитабҳ рафиқасини ҳурмат қилади ва қадрлайди − бир марта актёр комага тушиб қолганида турмуш ўртоғи унинг олдидан бир қадам ҳам узоққа кетмаган. Амитабҳ ўзига келгач, ёнида Жаяни кўриб, шундай деган: “Агар мен ҳаётга қайта келар бўлсам, барибир фақат сенга уйланардим”. Жая ва Амитабҳ кўп нарсаларни бошдан кечди, ота-она, бобо-буви бўлди ва ажойиб оиласини сақлаб қолди.

  •  Актёр myasthenia gravis деб аталадиган аутоиммун касалликка чалинган — бу касаллик мушаклар заифлашишига олиб келади. Шунингдек, у гепатит B инфекцияси натижасида жигарининг тахминан 75 % қисми шикастланганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд. 
  • Amitabh Bachchan shares health update after undergoing eye surgery, thanks  fans - India Today

  • 83 ёш атрофида бўлишига қарамай, актёр кино ва телевидениедаги фаолиятини давом эттирмоқда. Амитабҳ Баччан узоқ йиллардан бери  Каун Банега Cрорепати (“Ким миллионер бўлишни истайди?”) шоусининг юзларидан бири. Шунингдек, у реклама, овоз бериш ва кўрсатувлардаги иштироки орқали ҳам кинога боғлиқ фаолиятни давом эттирмоқда. 2024-йилда у “Калки 2898 АД” фильмида мифологик образни ижро этди — бу фильм Ҳиндистон тарихидаги энг қиммат лойиҳалардан бири бўлди.
  • Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

    Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

    Сиз қандай фикрдасиз?

    Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

    Ўхшаш янгиликлар