Daryo

Туркияда эркин ишлаш ҳуқуқи фақат этник туркларга берилади

Ўзбекистон фуқаролари учун Туркияда ишлаш тартиби соддалашмайди. Эрдўғоннинг янги фармони фақат турк келиб чиқишига эга хорижликларга таъсир қилади. Ўзбекистон фуқаролари эса бундан мустасно.

1 дақиқа ўқиш2 639 кўришлар0 изоҳ1

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон “туркий давлатлар фуқароларини ишга жойлаштириш” тартибини соддалаштирувчи фармонни имзолагани ҳақида хабар берилганди. Аслида бу фармон “турк келиб чиқишига эга чет эл фуқаролари”га тааллуқли экани маълум бўлди.

Эрдўғон Туркия Вазирлар Кенгашининг 1982-йилда қабул қилинган қарорига ўзгартиришлар киритган. У имзолаган ҳужжат “Турк келиб чиқишига эга чет эл фуқароларининг эркин касбий фаолияти ҳамда Туркиянинг давлат ва хусусий муассасаларида ишга жойлашиши тўғрисида”ги қарорни қисман янгилади. Шу сабабли, бу туркий давлатлар фуқароларига (Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқароларига) алоқадор эмас.

Ҳужжатга кўра, аввало чет эл фуқаросининг турк миллатига мансублиги аниқланади. Бунда қуйидаги талабларга жавоб берилиши шарт:

  • Туркия Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган вақтинчалик яшаш гувоҳномасига эга бўлиш;
  • Туркия ваколатли органлари томонидан тасдиқланган касбий малакага эга бўлиш;
  • ўз мамлакатидаги мактаб ёки университетларнинг Туркияда тан олинган дипломларига эга бўлиш;
  • ўз касбий фаолияти билан Туркия хавфсизлигига таҳдид солмаслиги;
  • агар талаб этилса, касаба уюшмасига аъзолик тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиш;
  • ўз мамлакатида олинган ҳунармандчилик ёки бошқа касбий кўникмаларнинг расмий тасдиқланган сертификатларига эга бўлиш;
  • президент фармони билан турк миллатига мансуб деб тан олиниши;
  • фуқаролиги бўлган мамлакатда ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўз иши ёки касбини бажариш имкониятига эга бўлмаслиги (масалан, тазйиққа учраши);
  • ўз мамлакатида турк келиб чиқишига эга этник ва маданий озчиликка мансуб бўлиши (масалан, Болгарияда яшовчи турклар).

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси мазкур қарор Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида эркин меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бермаслигини таʻкидлади. Ўзбекистон фуқароларининг Туркиядаги вақтинчалик меҳнат фаолияти амалдаги қонунчилик асосида тартибга солинади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар