Daryo

Мадагаскар президенти мамлакатдан қочиб кетди

Орол давлатида “З авлод” намойишлари бўлиб ўтмоқда. Президент Андрй Ражоэлина Франция ҳарбий самолётида мамлакатни тарк этган бўлиши мумкин. У Мадагаскардан қочиш сабабини тушунтирди.

2 дақиқа ўқиш2 278 кўришлар0 изоҳ3

Мадагаскар президенти Андри Ражоэлина ёшлар намойиши фонида мамлакатдан қочиб кетди. Бу ҳақда мухолиффт раҳбарлари ва бошқа расмийлар Reuters агентлигига хабар берди.

“Ражоэлина 12 октябрь куни армия бўлинмалари дезертирлик қилиб, намойишчиларга қўшилганидан сўнг Мадагаскарни тарк этган”, дейди парламентдаги мухолифат етакчиси Ситени Рандрианасолониако.

​

Мадагаскар президенти оммавий норозиликлар фонида халққа қилган мурожаатида ўз ҳаётини асраш учун хавфсиз жойга кетишга мажбур бўлганини айтди. У ўзининг қаердалигини ошкор қилмади, аммо “Мадагаскарни вайрон қилишга йўл қўймаслигини” таъкидлади. Дипломатик манба президент истеъфога чиқишни рад этганини хабар қилмоқда.

Ҳарбий манбага кўра, президент 12 октябрь собиқ Франция мустамлакаси бўлган оролдан Франция ҳарбий самолётида чиқиб кетган. У француз ҳамкасби Эммануэл Макрон билан келишилган ҳолда эвакуация қилинган. Бироқ Франция ҳукумати мамлакат ички ишларига аралашмаслигини билдирган.

Макрон Мадагаскар раҳбарига мамлакатдан қочишда ёрдам бергани ҳақидаги маълумотларни ҳозирча тасдиқлай олмаслигини айтди. У мамлакатда конституциявий тартибни сақлашга чақирди.

Ҳарбий манба 12 октябрь куни Мадагаскардаги Сент-Мари аэропортига Франция армиясининг Casa самолёти қўнганини айтди.

“Беш дақиқадан сўнг вертолёт келиб, йўловчини Casa самолётига олиб кетди”, деди суҳбатдош ва йўловчи Ражоэлина бўлганини айтди.

​

9 сентябрь куни Ражоэлина норозилик намойишлари фонида ҳукуматни тарқатиб юборишга ва бош вазир Кристиан Нцайни истеъфога чиқаришга қарор қилди. Бироқ бир неча кундан сўнг у “хорижий кучлар”ни тартибсизликларга алоқадорликда айблади. 6 октябрь куни давлат раҳбари янги бош вазир этиб генерал Руфина Зафисамбони тайинлади.

12 октябрь куни намойишчилар 48 соат ичида Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси) Ражоэлинага ишонч билдириш масаласи бўйича овоз беришини талаб қилиб, парламентни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилди. Шу куни Мадагаскар президенти мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш бошланганини эълон қилди.

Мадагаскарда ёшлар намойиши

Сентябрь ойи охирида мамлакатда “З авлоди”нинг ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди. Аввалига норозилик намойишлари Антананаривуда бўлиб ўтди, у ерда кўчага чиққанлар сув ва электр таъминотидаги доимий узилишлардан норозилик билдирди.Аммо тез орада намойишлар бошқа йирик шаҳарларга тарқалиб, президентни истеъфога чиқариш, сенат ва сайлов комиссиясини тарқатиб юбориш талаби янгради.

Намойишчилар ҳукумат аъзоларининг уйлари, супермаркетлар ва банк бўлимларини вайрон қилди. Бунга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди. БМТ маълумотларига кўра, намойишларнинг дастлабки тўрт кунида камида 22 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар