Ўзбекистон миллий терма жамоаси 13 октябрь, душанба куни Малайзияда Уругвайга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Мазкур баҳс олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳамда дарвозабон Абдувоҳид Неъматов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Аввало, ташриф буюрган барчага раҳмат айтаман. Кеча Малайзияга етиб келдик, тикланиш машғулотларини ўтказдик ва эртанги учрашувга тайёргарликни бошладик. Эртанги беллашув аввалгисидан фарқли бўлади. Олдимизда дунёдаги энг кучли жамоалардан бири ва энг яхши мураббийлардан — Марсело Белса бошчилигидаги Уругвай турибди. Жуда қийин ўйин кутиб турибди. Шунга қарамай, биз рақибдан қўрқмаймиз ва ўз ўйинимизни кўрсатмоқчимиз.
Ҳа, бу ўртоқлик баҳси, бироқ биз майдонда бор кучимизни ишга соламиз. Бу биз учун ўзимизни кўрсатишга яхши имконият. Кўпроқ тўпни назорат қилишга интиламиз, чунки Уругвайга имконият бериш мумкин эмас. Жаҳон чемпионатида кучли жамоаларга қарши баҳслар кутмоқда. Биз айнан мана шундай рақиблар орқали ўзимизни синаб кўришимиз керак. Ўртоқлик учрашувларини ўзимизни кўрсатиш учун имконият, чунки мундиалда бунга вақт бўлмайди. Узоқ сафар кутиб тургани учун, баъзи футболчиларни ортиқча чарчатишни истамадик, мен уларнинг барчалари билан гаплашдим. Жаҳон чемпионатига қадар бизда 8 ой вақт бор ва биз барча футболчиларнинг ўйинини кузатамиз.
Танқидлар бўлади — бу спорт. Барча спорт турларида натижа муҳим. Ўртоқлик учрашуви бўлса-да, жамоавий ҳаракат, меҳнат ва интизом орқали яхши натижага эришишимиз мумкин. Ҳар бир деталлга эътибор бериш зарур”, деди Каннаваро.
“Мураббийимиз айтиб ўтганидек, тикланиш машғулотларини ўтказдик ва эртанги ўйинга тўлиқ тайёрмиз. Уругвай — дунё футболида ўз ўрнига эга кучли жамоа. Мураббийлар штаби билан рақибнинг ўйинларини таҳлил қиляпмиз. Ҳар бир жамоанинг кучли ва кучсиз томонлари бўлади. Биз эса ўз ўйинимизни кўрсатишга интиламиз”, дейди Абдувоҳид Неъматов.
Маълумот учун: Ўзбекистон ҳамда Уругвай ўртасидаги учрашув Малайзиянинг Мелака шаҳрида жойлашган “Ҳанг Жебат” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 17:45 да бошланади.








