Буюк Британиянинг иккита замонавий разведка самолёти НАТОнинг шарқий қаноти бўйлаб 12 соатлик парвозни амалга ошириб, Россия чегараларида патруллик қилди. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
RC-135 Rivet Joint радиоэлектрон разведка самолёти ва P-8A Poseidon патрул самолёти Россия чегаралари бўйлаб Узоқ Шимолдан деярли 10 минг мил масофани босиб ўтиб, Беларусь ва Украина ҳаво ҳудуди яқинида парвоз қилган.
Бу миссия “Буюк Британиянинг оператив тайёргарлиги ва НАТОнинг жамоавий қатъиятини намойиш этиш” мақсадида ўтказилган. У сўнгги бир ой ичида Россия дронлари ва самолётларининг НАТО ҳаво ҳудудига бир неча бор кириб келиши ортидан амалга оширилган. Операцияда АҚШнинг KC-135 Stratotanker ёнилғи қуйиш самолёти ҳам иштирок этган. Унинг ёрдамида Британия самолётлари оператив ҳаракат радиусини кенгайтириш имконига эга бўлган.
Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хилининг айтишича, миссия нафақат қимматли разведка маълумотларини тақдим этган, балки “Путин ва душманларга НАТО бирлиги ҳақида кучли сигнал юборган”.
Миссиядаги разведка самолётлари хусусияти
Техник жиҳатдан, RC-135 Rivet Joint ҳарбий радиосигналларни ушлаш ва электромагнит тўлқинлардаги маълумотларни тинглаш учун мўлжалланган, P-8A Poseidon эса денгиз ости кемаларига қарши операцияларда қўлланилади ҳамда торпедалар ва кемаларга қарши ракеталар билан жиҳозланиши мумкин.
Парвоз давомида самолётлар НАТО иттифоқчилари билан мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилган, бу эса вазиятни тўлиқ назорат қилиш имконини берган.
Операция Россия дронлари томонидан НАТО мамлакатлари ҳаво ҳудудининг бузилиши билан боғлиқ бир қатор ҳодисалар фонида амалга оширилди. Сентябрь ойида Россиянинг 20 га яқин дрони Польша ҳаво ҳудудига кирди, учта MiG-31 қирувчиси эса Эстония чегарасини бузиб ўтди.
Шундан сўнг НАТО бош котиби Марк Рютте ва АҚШнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вакили Майк Уолц альянс ўз ҳудудининг “ҳар бир қаричини” ҳимоя қилишига ишонтирди. АҚШ президенти Дональд Трамп НАТО давлатларини альянс ҳаво ҳудудини бузаётган Россия ҳарбий самолётларини уриб туширишга чақирди.
9 октябрь куни Европа парламенти Россиянинг ҳаракатларини “террорчи давлат” сифатида тавсифловчи ва “Россия томонидан учирилаётган дрон ва самолётларга қарши самарали курашиш учун зарур бўлган ҳаракатларга, ҳатто уларни уриб туширишгача” рухсат берувчи резолюцияни қабул қилди.








