Каталониянинг “Барселона” клуби 37 ёшли ҳужумчи Роберт Левандовски билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Sport.es нашрининг ёзишича, бундай қарорга футболчининг ёши, паст самарадорлиги ва рақибга босим ўтказа олиш қобилиятининг сусайгани сабаб бўлган.
Манбага кўра, Левандовски жорий мавсумдан сўнг фаолиятини якунлайдими ёки бошқа клуб билан шартнома имзолайдими — ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ футболчига Саудия Арабистонинг “Ал-Ҳилол” клуби қизиқиш билдиргани, аммо Роберт “Барселона”ни тарк этишни истамагани хабар қилинганди.
Ҳозирда каталонияликлар Левандовскига муносиб ўринбосар топишни истамоқда. Клуб раҳбарияти “Атлетико” ҳужумчиси Хулиан Алваресни сотиб олиш устида иш олиб бормоқда.
Левандовски “Барселона” сафида 2022 йилдан бери ҳаракат қилмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2026 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Жорий мавсум у барча мусобақалар доирасида жами 9 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 4 та гол ёздириб қўйган. Transfermarkt портали ҳужумчининг қийматини 10 миллион еврога баҳоламоқда.








