Daryo

Шимолий Корея хакерлари тарихдаги энг йирик кибержиноятни содир этди

Улар 2025 йил давомида 2 млрд доллардан ортиқ криптовалюта ўғирлади. Ушбу маблағлар ядро дастурига йўналтирилаётган бўлиши мумкин.

1 дақиқа ўқиш2 617 кўришлар0 изоҳ19

Шимолий кореялик хакерлар 2025 йил давомида 2 миллиард долларга тенг криптоактив ўғирлади. Бу рақам тарихдаги энг катта кибержиноят сифатида қайд этилмоқда. Бу ҳақда блокчейн таҳлилига ихтисослашган Лондондаги Elliptic компаниясига таяниб, The Independent хабар берди.

Мазкур рекорд даражадаги ўғрилик Ғарб давлатлари ва БМТга кўра, мамлакат ядро қуроли ва ракета дастурларини молиялаштириш учун ишлатилаётган бўлиши мумкин. Энг катта талончилик февраль ойида Дубайда жойлашган Bybit криптобиржасига қилинган ҳужумда қайд этилган. Унда хакерлар 1,5 миллиард долларлик Ethereum токенларини ўғирлаган. Бу йилги умумий йўқотишларнинг ярми айнан шу ҳужумга тўғри келади.

Elliptic компаниясига кўра, хакерлар тобора кўпроқ бой криптоинвесторларини нишонга олмоқда. Уларнинг кўпчилиги хавфсизлик чораларига эга эмас. Февраль ойидаги йирик ҳужумдан ташқари, шимолий кореяликлар томонидан амалга оширилгани гумон қилинаётган яна 30 дан ортиқ бошқа киберҳужумлар ҳам аниқланган. Жабрланганлар орасида WОО X, Seedify ва LND.fi платформалари ҳам мавжуд.

Ҳисоботда билдирилишича, 2025 йилда юз берган хакерлик ҳужумларининг аксари техник носозликлардан эмас, балки “ижтимоий муҳандислик”, яъни одамларни алдаб ёки чалғитиб, улардан криптовалюталарга кириш имконини олиш йўли билан амалга оширилган.

Бу ҳолат криптобозордаги асосий заиф нуқта тобора техник эмас, инсон омилига боғлиқ бўлиб бораётганини кўрсатмоқда. 2025 йилдаги зарар миқдори аввалги йилларникидан бир неча баробар кўп. Бироқ мутахассислар фикрича, бу рақам аслида янада юқори бўлиши мумкин, чунки кўплаб ҳужумлар оммага эълон қилинмайди. Айни пайтда Шимолий Корея кибержиноятларга алоқаси борлигини инкор этиб келмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар